Skype орқали никоҳ, СМС билан талоқ
АҚШда истиқомат қилаётган Асад Фаҳурий ва Ливаннинг Тир шаҳридан бўлган унинг рафиқаси Хаура Саид Skype орқали никоҳ ўқитди. Никоҳ ўқилиши жараёнини уларнинг жуда кўп дўстлари ва қариндошлари гувоҳ бўлишди. Никоҳни шайх Али Муғний келиннинг уйида ўқиди.
Никоҳни ўқиб бўлгач шайх Асад ва Хаурани эр ва хотин деб эълон қилди ва уларга бахт саодат тилаб ҳақларига дуо қилиб қўйди, деб ёзади Ливаннинг "Ал-Жумҳурия" газетаси. Ёшлар Skype орқали "виртуал никоҳ"да иштирок этган дўстларидан табриклар ола бошлашди.
Асад ва Хауранинг воқеаси шунга ўхшайдиган жуда кўп воқеаларнинг биттаси холос. Ёшлар аввал танишади, сўнг эса, никоҳларини ҳам интернет орқали ўқитиб олишади. Баъзилари камбағалликдан, баъзилари эса "беъмани" урф-одатдан чарчаганидан, бошқалари эса ўзларини жуда замонавий қилиб кўрсатиш учун ҳам шундай қилишади. Никоҳнинг осон ўқилиши ва ажрашиб кетишлар ҳам осон бўлиши маълум маънода хавотирга сабаб бўлмоқда. Сўнгги вақтларда қулоқларимизга чалиниб турган баъзи воқеаларга ишониш қийин, баъзилари эса жуда кулгулик.
2010 йили араб ОАВлари Қатарлик бир киши ҳақида хабар тарқатишди, унда айтилишича, у аёли билан Skype орқали гаплашиб ўтириб, тасодифан талоқ бериб қўйган. Ўша кишининг айтишига кўра, унда ажрашиш нияти бўлмаган экан: фақат Skype орқали ҳазил қилиб уч марта талоқ деб қўйган эмиш. Ҳазилкашнинг кейинги тушунтиришлари мусулмон уламоларини қаниқтира олмаган ва улар ўртага талоқ тушди, деб эълон қилишган.
2013 йили Мадина шаҳрининг маҳкамаси эридан уч марта “талоқ” деб айтилган овозли хабар олган аёлнинг никоҳини бекор қилди. Саудияликнинг енгилтаклиги судя Муҳаммад Жизланийни шу даражада ғазаблантирдики, у никоҳ ва талоққа енгилтаклик билан қарайдиганлар учун жиноий иш қўзғашни талаб қилди.
Шундай бўлса ҳам, бунга ўхшаб талоқ берувчилар “тасодифан”, билмасдан бу ишни қилиб қўйди, деб айта олмаймиз. Икки йил олдин Тожикистонда СМС орқали талоқ бериш жуда кўпайиб кетгани бунга мисол бўла олади.
Россияда ишлаб юрган тожикистонликларнинг сони бир миллион атрофида экани айтилади. Кўпинча ишга яхши ўрнашиб олган ва топиш-тутиши яхшиланган эркаклар янги жойлардан ўзларига осонгина жуфт топиб олишмоқда ва олдинги хотинларига СМС юбориб осонгина ажарашиб кетишмоқда.
“Виртуал никоҳлар” фақат истисно тариқасида
Ушбу - муҳим аҳамият касб қилган муаммони мусулмон уламолари ўз назарларидан қочирганлари йўқ. Никоҳ ўқитмоқчи бўлганлар қандай талабларга риоя қилишлари керак? Никоҳ ўқитиш учун телефондан фойдаланган маъқулми ёки Skypeданми? Гувоҳлар никоҳ ўқитилаётган вақтда куёвни кўришлари шартми? Ва ниҳоят, энг муҳими: шариат бундай никоҳларга рухсат берадими?
Исломда “виртуал никоҳлар” истисно тариқасида ҳамда баъзи шартлар билан жоиз дейди Москва Ислом университетининг Исломий илоҳиёт бўлими декани Муҳаммад Басир Ҳасанов.
“Никоҳ ўқиётган одам, куёвни шахсан таниши ёки у ҳақида ўта ишончли одамлардан билиши керак”, дейди Азҳар бититувчиси ва шариат билимлари доктори унвонига эга Россиядаги ягона шахс бўлмиш олим. Унинг сўзига кўра, у “интернет никоҳлар” билан ҳали дуч келмаган. Бироқ телефон орқали никоҳлар оддий ҳолатга айланди. Айниқса унга қамоқда бўлганлар шу масалада кўп мурожаат қилишар экан, чунки уларда бундан бошқа йўл йўқ экан. СМС орқали талоқ жоиз (мумкин) эмас, деб қўшимча қилади Ҳасанов: “Чунки, телефонингизни кимдир олиб хаёлига келган нарсаларни ёзиб, юбориши ҳам мумкин-ку”.
Мусулмон уламоларининг бу масала бўйича ўта эҳтиёткорлик билан ёндошишларини тушунса бўлади. Чунки, бегона одам телефон ёки компютерингизга эгалик қилишидан ташқари, талоққа тегишли сўзларни ўхшатиб ясаши (монтаж қилиши) ҳам мумкин. Замонавий техник воситаларида бу ишни осонгина амалга оширса бўлади.
Эҳтимол, алоқа воситаларининг янада ривожланиши билан виртуал никоҳлар ва талоқларга чек қўйилса керак...
Хулоса ўрнида
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: "Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда иш айнан интернет орқали никоҳланишгача етиб бормаслиги керак. Баъзи одамлар турли сабабларга кўра телефон ёки интернет орқали шаръий ақди никоҳ қилишни (биздаги никоҳ ўқитишни) ўзларига раво кўришмоқда. Баъзилар эса бу ишнинг шариатда жоиз ёки жоиз эмаслигини сўрашади. Яна бирлари бу ишни амалга оширганлари ҳақида хабар беришади. Ушбу масалада уламолар орасида ҳам бир оз ихтилоф бор. Аммо кўпчилик янги алоқа воситалари, жумладан, интернет орқали никоҳланишга рухсат бермайди. Улар бунда никоҳнинг шартлари, жумладан гувоҳлар мавжуд бўлмаслигини далил қилишади. Яна ҳам чуқурроқ кетганлар эса: “ҳамма шартлар мавжуд бўлса ҳам мазкур воситалар ила никоҳ ўқитиши дуруст эмас, чунки бу иш никоҳнинг муқаддаслигига путур етказади”, дейишади. Улар Аллоҳ таоло ийжоб ва қабулни, гувоҳлар ҳозир бўлишини ва бошқа шартларни бежизга жорий қилмаганини айтишади" ("Ижтимоий одоблар" китоби, 259-бет)
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади



