Энг буюк инсон
Америкалик олим Майкл Хартнинг "Тарихда 100 буюк одам" номли асари Ғарб дунёсида катта шов-шувга сабаб бўлган эди.
"Тарихда 100 буюк одам" китобининг муаллифи америкалик машҳур тарихчи олим, математик ва астроном Майкл Хартдир. У тарихни чуқур ўрганиш жараёнида инсоният тарихига катта таъсир қилган шахсларни ҳам танлаб олди. Уларнинг инсоният тарихига таъсир кўламини ҳисобга олиб, улардан юзтасининг рўйхатини тузиб чиқди. Исломга қарши медиа тарғибот уммонида яшаётган Ғарб одами учун ушбу 100 та шахс рўйхатида биринчи ўринни эгаллаган пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в исмлари тургани ажабланарли бўлди. Майкл Харт ўзи билмаган ҳолда Қуръони каримнинг қуйидаги оятини тасдиқлади: "...Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди." Азҳоб сураси, 21 оят.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.вни биринчи ўринга қўйган Харт, табиийки мусулмонларга ёқиб тушди. Бироқ, мусулмон бўлмаганлар, айниқса яҳудий ва насронийлар шок ҳолатига тушишди ва буни ўзларига нисбатан ҳақорат деб билишди. Жаҳонга машҳур бўлган "Тайм" журнали ҳам "Тарихда 100 буюк одам" деган сарлавҳани журнал муқовасига ёзиб чиқарди. Сўровномалар ўтказилди ва ҳоказо. Кўпчилик, холис фикр эгалари Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳақларида жуда илиқ фикрларини билдиришди.
Бу асарда 100 нафар буюк инсоннинг ичидан яна энг буюги компьютер воситасида аниқламоқчи бўлишди. Хўш, компьютер экранида кимнинг исми ўқилди? Дунёга келиб кетган жами буюклар ичра энг буюги ким экан?
Майкл Харт тадқиқотининг моҳияти бундай эди: у шу кунгача яшаб ўтган буюк инсонларнинг қобилиятлари, курашлари, тадбиқотлари ва муваффақиятларини компьютернинг ҳофизасига киритиб, инкор қилиб бўлмайдиган математик бир йўл билан уларнинг энг қудратлисини аниқлади.
Харт компьютерга лозим бўлган дастурни жойлаштириб бўлгунича ойлар ўтди ва ниҳоят кунлардан бир кун у керакли тугмани босди. Натижа жуда ҳаяжонли бўлди. компьютерда кетма-кет эшитилган қитир-қитир товушлар кетидан ер юзидаги энг улуғ инсоннинг исми ёзилди:
ҲАЗРАТИ МУҲАММАД (С.А. В.)!
Бу тадқиқот олимнинг мутаассиб ўртоқларига ёқмади ва у қаттиқ қаршиликка учради. Лекин Харт, натижа менга боғлиқ эмас, дегандай елкасини қисиб, компьютерни кўрсатиш билан кифояланди. Ва ўзи ҳам бошқача натижадан умид қилибми, тадқиқотини қайта-қайта такрорлади ва текшириб чиқди. Шунга қарамай экрандаги исм барибир ўзгармади:
ҲАЗРАТИ МУҲАММАД (С. А.В.)!
Интернет ва баъзи китобдаги маълумотлар асосида Абу Муслим тайёрлади



