Сиёсий ва молиявий муаммоларнинг сабаблари...

Сиёсий ва молиявий муаммоларнинг сабаблари...

Ҳозирги замон глобаллашув даврида жаҳон сиёсати тўхтовсиз ўзгаришларга мойил бўлиб келмоқда. Бугунги дунёнинг сиёсий манзарасига назар ташлар эканмиз, биз унда турли хилдаги катта ва кичик сиёсий инқирозлар, иқтисодий бўҳронлар ва ҳарбий қуролли можаролар кўпайиб бораётганини эътироф этишимиз мумкин.

Шунинг билан бирга таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда халқаро хавфсизликни таъминлаш тизими ноанъанавий янгича таҳдидлар ва янгидан-янги муаммолар билан тўқнаш келмоқда. Баъзи ҳолатларда эски муаммолар янгича шакл ва шамойил билан намоён бўлмоқда. 
Жумладан, бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири глобал молиявий ва иқтисодий инқирознинг дунё мамлакатлари тараққиётига салбий таъсирини камайтириш ва босқичма-босқич тарзда ушбу бўҳронни бартараф этишдан иборатдир. Халқаро экспертлар таъкидлаётганидек, бутунжаҳон молиявий иқтисодий инқирози бугунги дунёнинг энг тараққий этган мамлакатларида, айниқса, АҚШда ўта либерал, судхўрлик ва бошқа шу каби йўллар билан енгил бойлик ортириш илинжига кириб қолган молиявий ва иқтисодий тизимнинг давлат назоратидан бутунлай чиқиб кетиши оқибатида вужудга келди. Шу туфайли ҳам, дунё мамлакатлари етакчилари, тегишли халқаро ташкилотлар вакиллари ва мутахассислар ҳозирги кундаги жаҳон молиявий тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги, унда халқаро молиявий институтларни (Халқаро валюта жамғармаси, халқаро валюталар, халваро банклар в.ҳ.) ва савдо ташкилотларининг тутган ўрни ва вазифаларини қайтадан кўриб чиқиш зарурати вужудга келганлигини таъкидламоқдалар.
Умуман олганда, сўнгги ярим аср давомида халқаро иқтисодиётининг тўхтовсиз, кўп холларда экстенсив ривожланиши бутунжаҳон миқёсидаги турли муаммоларни келтириб чиқарди. Бундай глобал муаммолар қаторида атмосферага зарарли моддалар чиқиндисининг жуда катта миқдорда чиқариб юборилиши натижасида озон қатламига аста-секин путур ета бошлагани, ерда эса, глобал энергия танқислиги вужудга келаётганини мисол тариқасида келтириш мумкин. Натижада, дунё иқлимининг ўзгариши, энергея қуввати манбаларининг камайиши ўз навбатида бутунжаҳон озиқ-овқат танқислиги муаммоси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Жумладан, глобал энергетик муаммоси бугунги дунёнинг сиёсий манзарасида яққол кўзга ташланаётган масалалардан бирига айланди. Сўнгги чорак аср давомида халқаро иқтисодиётининг тўхтовсиз катта тезликда экстенсив ривожланиши энергия танқислиги муаммосинининг чуқурлашиб кетишига олиб келди. Масала тобора сиёсий тус ола бошлади. Жаҳоннинг энг ривожланган давлатларида сайловолди кампаниясида мамлакат иқтисодиётининг ўсиш тезлигини сақлаб қолишга ваъда қилган кўплаб сиёсий етакчилар энергия танқислиги туфайли ўз ваъдаларини бажара олмаслик ва, натижада, янги мудатга сайланмай қолиш хавфи билан юзма-юз келдидар. Кўп ҳолларда бундай етакчилар ўз давлатларини ҳар қандай йўл билан бўлсада энергия билан таъминлаш чораларини қидиришга тушиб, баъзи ҳолларда шу мақсадда нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки қуролли куч ишлатишга ҳам кириша бошладилар. Нефть, газ, кўмир, уран каби табиий заҳираларга бой бўлган минтақалар ва мамлакатлар атрофида янгидан-янги сиёсий, қуролли можаролар пайдо бўла бошлади, эскилари эса янгича тус олди. Гидроэнергетика мақсадида ишлатилиши мумкин бўлган сув ҳавзалари ҳам турли хил можаролар манбаига айланиб бормоқда. 
Глобал иқлим ўзгариши натижасида мисли кўрилмаган даражада иссиқ ёз, ёки ўта совуқ қиш муаммоларини ҳал этиш нафақат қишлоқ хўжалигида, балки озиқ-овқат саноатида ва энергетика соҳасида янгидан-янги муаммоларни келтириб чиқара бошлади. Масалан, иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиё ва бошқа шу каби минтақаларда бир неча йилдан бери ёғингарчилик танқислиги натижасида минтақадаги асосий сув омборлари тўлмай қолмоқда ва энергетика муаммосини авж олдирмоқда. Бошқа томондан, ушбу сув омборларидан қиш, баҳор ва ёз фаслида интенсив фойдаланиш туфайли, ҳамда Помир тоғларидаги музликлар эриши тезлашгани натижасида тегишли мамлакатлар қишлоқ ҳўжалигида, демакки озиқ-оват соҳасида янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Бундан ташқари, сўнгги йилларда тез-тез қайталанаётган табий офатлар, тўфон ва сув тошқинлари кўплаб мамлакатлар қишлоқ ҳўжалиги ва озиқ-овқат саноатига катта салбий таъсир ўтказмоқда. Мисол учун, Ҳиндистонда денгиз ва океан соҳилларида мавжуд бўлган катта экин-тикин ерлари доимий табиий офатлар таҳдиди туфайли охирги икки йил ичида бошқа мақсадларда ишлатила бошлади. Натижада, жаҳон бозорига шакарқамиш ва бошқа шу каби маҳсулотларнинг энг катта миқдорда етказиб берадиган Ҳиндистон ўз ички эҳтиёжларинин бир қисмини импорт ҳисобига қоплашга мажбур бўлмоқда.
Иқтисодиётни энергия қуввати билан таъминлаш жараёнининг яна бир энг фаол жабҳаларидан бири энергия манбалар турини кўпайтиришга қаратилди. Бу борада янгича йўналиш сифатида дон маҳсулотларидан этанол спиртини олиш ва уни атмосферани булғамайдиган экологик тоза манба сифатида қўллаш бутун жаҳон озиқ-овқат муаммосини чуқурлаштириб юборди. Жумладан, АҚШ, Европа Иттифоқи, Япония, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқа шу каби дунёнинг иқтисодиёти энг катта мамлакатларида буғдой, маккажухори, шакарқамиш, соя ва бошқа шу сингари озиқ-овқат маҳсулотларини катта миқдорда биоэнергия олиш мақсадида ишлатиш саноати вужудга келди. 
Натижада, жаҳон бозорида ун маҳсулотлари, бўрдоқига боқиладиган жониворларга ем маҳсулотлари танқислиги пайдо бўлди. Бунинг оқибатида эса, дунё мамлакатлариниг чакана бозорларда нон, гўшт ва ёғ маҳсулотлари нархи кескин ўсиб кетди. Озиқ-овқат муаммоси ҳам халқаро сиёсий тус ола бошлади. БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ ҳўжалиги масалалари бўйича ихтисослашган ташкилоти ва Жаҳон банки келтирган маълумотларга кўра, сўнгги 1-2 йилнинг ўзида дунёнинг 35 дан ошиқ давлатида айнан шу муаммо туфайли оммавий тўқнашувлар, сиёсий бебошдоқликлар юз берди. 
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш мумкинки, бугунги дунё харитасида давлатлараро мажоролар, қуролли тўқнашувлар, очиқдан-очиқ куч ишлатиш, БМТ ва бошқа тегишли халқаро ташкилотларнинг қарорларини топташ ҳолатлари кўпайиб бормоқда. 
Бутунжаҳон миқёсида, марказида АҚШ турган бир қутбли (однополярный мир) дунё тартиби таназзулга юз тутиб, умуман қутбсиз, ёки кўп қутбли янги тартиб шаклланмоқда. Минтақавий миқёсда, баъзи халқаро ташкилотлар ўз обрўсини йўқотиб бормоқда, халқаро майдонда янги обрўли ташкилотлар пайдо бўлмоқда. Жумладан, Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилотининг халқаро аҳамияти камайиб бораётган бир пайтда, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз таъсир доирасини кенгайтириб бормоқда.
Халқаро куролли можоролар сони камаймасдан кўпайишда давом этмоқда. Яқин Шарқ муаммоси, исроил-фаластин муносабатлари, Эроннинг ядровий дастури, Сомали, Конго, Гаитидаги қуролли можаролар, Ҳиндистон-Покистон ўртасидаги зиддият, Ироқдаги ва Афғонистондаги кўп йиллик урушлар ҳамон тинч аҳоли вакиллари ҳаётига зомин бўлиб келмоқда, ушбу мамлакатлар иқтисодиётига, ва бутун Жаҳонда тинчликни сақлаш йўлидаги урунишларга катта тўғаноқ бўлиб қолмоқда. Икки йил олдин юз берган Исроил ва Ливан ўртасидаги қуролли можоро, яқинда Грузияда бўлиб ўтган “беш кунлик” уруш, Таиландда ҳамон давом этаётган сиёсий бебошдоқлик ва бошқа кўплаб мисоллар дунё ҳаритасида яна янги беқарорлик ўчоқлари пайдо бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигидан дарак бермоқда.
Афсуски, бугунги дунё миқёсидаги тангликлар юқорида санаб ўтилган ўта долзарб ва мураккаб глобал муаммолар билангина чекланиб қолмайди. Дунё сиёсий манзарасида авж олиб бораётган муаммолар ичида динлараро, миллатлараро, маданий-тамаддунлараро низолар ва тўқнашувларни, информацион-кибер терроризм, ноқонуний қурол ва наркотиклар савдоси, одам савдоси каби турли хилдаги таҳдид ва хавфларни санаб ўтиш мумкин.
Жумладан, диний ақидапарастлик халқаро терроризмнинг кенгайишига, Ғарб давлатларида исламофобия жараёнининг кескин тус олиб оммавий сиёсий даражада авж олишига олиб келмоқда. 
Баъзи Европа давлатларида, айниқса, Россия ва бошқа шу каби мамлакатларда ксенофобия, фашизм, расизм муамолари омавий тарз касб этиб бормоқда. Маънавий ахлоқий бузуқликлар, жумладан, бесоқолбозлар, бир жинсга мансуб бўлган жуфтликларнинг халқаро ҳаракатлари тузилмоқда, сиёсийлашган оммавий юришлари ташкил этилмоқда.
Ушбу муаммолар айниқса, интернет ва бошқа юқори технология асосида ишловчи алоқа воситалари (экранли уяли алоқа воситалари, рақамли радио ва телевидение) орқали бутун днё бўйлаб тезкор тарқалиши ва улар учун махсус информацион ва ғоявий маконлар яратилмоқда. 
Мазкур муаммолар уюшган халқаро жиноятчилик, наркотик моддалар ва қурол-яроқ контрабандаси, одам савдоси билан чамбарчас ҳолда боғлиқ аллбатта...

back to top