Уммат учун креатив
Сўнгги ўн-ўн беш йил ичида “креативлик” ва “креатив” ҳақида фақат эринган, дангасаларгина гапирмайдиган бўлди. Умуман олганда, креативлик фақат мода бўлган сўз эмас, унинг замирида катта маънолар ётади. Креативлик, ижод қилиш қобилияти, янги ташаббуслар билан чиқиш – самарали иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий моделларни (намуна, қолип ва андазларни) таклиф қилиш, яъни ҳозирги замонда иқтисодий ва сиёсий тараққиётни ҳаракатга келтирувчи асосий кучдир. Айнан, мана шундай креативлик салоҳияти туфайли Ислом олами ўз вақтида инсоният тарихидаги мисли кўрилмаган цивилизация (тамаддун) қуришга муваффақ бўлган.
Мусулмонларнинг ижодкорлик (креативлик) салоҳияти
Мусулмонлар ҳақиқий муваффақиятга эришиш учун ўзларининг ақлий (интеллектуал) имкониятларини тўлиқ ишлата олишлари, яширинган истеъдодларини кашф қилишлари ва уни ривожлантиришлари, ўз ақлий ва ижодий бойликларини бошқаришини ўрганишлари керак бўлади. Ҳар бир мусулмон соф инсонийлик, маърифат, самарали илмий изланишлар, бадиий ижод ғояларини ўзида мужассам қилувчи Ислом тамаддунининг буюк меросхўри эканини ёдда тутмоғи лозим.
Қуръон ва Суннатда энг кўп тарғиб қилинадиган, умуминсоний қадриятларнинг асосларидан бири, бу – инсонни ақл юритишга, фикрлашга чоралашдир. Ислом инсоният фикрини ривожланиши ва камолга етиши учун ижодий изланиш ва тафаккур қилишга рағбатлантиради. Қуръони Каримнинг дунё бўйлаб тарқалган ҳамда инсоннинг ўзида мавжуд бўлган илоҳий аломат-мўъжизалар ҳақида фикр юритувчи одамларни мақтаган маъноларда кўп ояти кариймалар мавжуд. Қуръон одамларни фойдали иш билан банд бўлишга чорлаш баробарида, танбаллик ва ялқовликка қарши танбеҳ баради.
Пойдевори Тавҳид ва Аллоҳ таоло розилиги учун бўлган холис ҳаракатдагина ҳақиқий илм-фан, ишлаб чиқариш, ижод, иқтисод, сиёсат ва бутун жаҳон тамаддуни асосоларини қуриш мумкин. Қуръони Карим жуда улкан маърифий-креатив имкониятларни ўзида жам қилган. Ислом дунёси мусулмонларга ақлий, илмий ва амалий ижод соҳаларида тўлиқ мухторият (инон-ихтиёр) бериб қўйган.
Ислом ва ижод тушунчалари бир-биридан ажралмас, ўзаро яхлит тушунчадир. Исломда бошқа динларда бўлгани каби руҳонийлик синфи (табақаси) йўқ. Демак, унда шоирларнинг дил изҳорлари, меъморнинг улкан режалари ёки наққошнинг ҳаёлий тасвирларини чегаралаб турувчи ташқи назорат ҳам йўқ. Ислом доимо самарали иқтисодий ва сиёсий моделларнинг шаклланиши, ишлаб чиқариш ва саънатнинг гуллаб-яшнаши учун қудратли ижодий муҳитга эга бўлиб келган.
Шундай экан, Исломнинг ижод ва доимий равишда янги самарали моделларнинг шаклланиб боришига бўлган муносабатлари ўз-ўзидан ойдинлашмоқда. Креативлик, бу – инсоннинг ўз қобиғидан чиқиб бўлса ҳам, атрофидаги нарсаларни ўзгартиришга бўлган интилиши ва шунга доим тайёр туришидир. Набий (соллаллоҳу ъалайҳи ва саллам):
«Илм талаб қилиш – ҳар бир мусулмон зиммасидаги фарздир», - деб ўргатганлар. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган).
Ғарбдаги ижодкорлар синфи
Ҳозирги Ғарб инсоният жамиятларидаги креативлик ролини ижтимоий-иқтисодий категория (тоифа)нинг “креатив синфи” орқали тушунишга уринишмоқда. Америкалик муаллиф Ричард Флорида бу масалага бутун бошли китобни бағишлаб, уни “Креатив синф. Келажакни ўзгартирувчи одамлар” деб номлаган. Муаллиф ўз китобининг муқаддимасида: “Замонавий жамият янги синфий тузилишга эга”, деган маънода баландпарвоз гапларни ўртага ташлайди.
Ричард Флориданинг фикрича, бунинг асосини “креатив иқтисод”, мағзини эса – сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий – “креатив синф” ташкил қилади. Тан олинмаган бўлсада аслида мавжуд бўлган (де-факто) янги синф, Флориданинг фикрича, аниқ тузилиш (структура)га эга. Олимлар ва муҳандислар, олий ўқув юрти проффессорлари, шоир ва ёзувчилар, рассом ва актёрлар, безакчи ва меъморлар, адиб ва муҳаррирлар, маданият арбоблари, таҳлилий марказ мутахассислари ва шарҳловчилар унинг марказида турувчи “суперкреатив мағздир”.
Бироқ, Флориданинг фикрича, марказий гуруҳга юқори технология, молия, ҳуқуқ ва соғлиқни сақлаш, ҳамда бизнес соҳасида ишлайдиган мутахассислар ҳам келиб қўшимоқда; ва уларнинг ичига тобора сингиб бормоқда экан.
Мазкур кишилар, юқорида айтиб ўтилган ижодий моделлар асосида “муаммоларни ижодий (креатив) тарзда ҳал қилиш”, яъни “юқори даражадаги таълим ва шунинг баробарида ақлий капиталларини ишга солиб”, “доимо мустақил фикр юритиш”, “стандарт вазиятларда оригинал тарзда ёндошиш” ва шунга ўхшаш имкониятларидан фойдалана олишдир.
Улар “янги технологияларни, даволаш протоколлари ва бошқариш (менежмент) услубларини синаб кўришади ва уларни такомиллаштиришади”.
Агар бу нарсалар уларнинг асосий вақтларини банд қиладиган бўлса, улар суперкреативчилар синфининг мағзига айланадилар. Бу гуруҳга кириш остонасида конкрет (аниқ) муаммоларни ечиш учун ижодий ва мустақил қарорлари билан ёндоша оладиган техник ҳодимлар туришади.
Креативлик инсон жамиятнинг асоси сифатида
Янги синфнинг хусусияти ҳисобланган креативликнинг ўзи нима? Нега бу ижтимоий гуруҳнинг ҳусусиятига бунчалик эътибор берилмоқда?
Ҳамма гап шундаки, креативлик – инсоннинг янги усул ва модел (қолип, андаза)ларни ишлаб чиқиши ва буларнинг тарқалиши осон ва кенг кўламли бўлиши кобилиятидир.
Бунга жамиятни ташкил қилишда иқтисодий, сиёсий, ҳарбий моделларни ишлаб чиқиш, янги махсулотларни кенг кўламда ишлаб чиқариш, сотиш ва истеъмол қилиш, рақиблар билан курашда ғолиб бўлиш учун янги режа ва стратегияларни ишлаб чиқишлар киради.
Бунга ўхшаш ғояларнинг илк кўриниши – ғилдиркнинг ўйлаб топилиши бўлди, дея бемалол айта оламиз. Минг йил илгари кимнингдир калласига бу “ғилдирак концепцияси” келиши билан “бу том маънода инсоният тарихида катта креатив ва ишлаб чиқариш инқилоби”га сабаб бўлди.
Бундай амалий ғоя ва услубларни ўйлаб топиш қобилияти инсон учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Ҳамма гап шунга ўхшаш креативлик қобилияти замонавий иқтисод ва сиёсатнинг марказига айлана олишидадир. “Креатив иқтисодда” технология ва кашфиётлар мухим рол ўйнай бошлайди.
“Креатив иқтисод” ибораси илк бор 2000 йили «Business Week» журнали тарафидан қўлланишга киритилган. Сўнгра, Жон Хокинс ўзининг 2001 йили нашр қилинган “Креатив иқтисод” номли китобида “креатив саноат”ни ўн беш қисмга бўлишга ҳаракат қилди. (Дастурлаш, тадқиқотлар ва конструкторларнинг ишловлари ҳамда кино ва мусиқа саноатидаги креатив мазмунлар).
ХХ аср давомида креатив синфи ўн мартадан ошиб кетди. Масалан, АҚШда 15 миллион мутахассис, яъни ишчи кучининг ўн икки фоизи суперкреатив мағзни ташкил қилади. Бугун АҚШдаги креатив синф анъанавий ишлаб чиқариш, қурилиш ёки транспортда меҳнат қилаётган ишчилар синфидан ошиб кетган.
Умматнинг креатив ёрилиши
Ислом тарихида креатив синф нафақат доимо мавжуд бўлган, балки бутун уммат мазкур синфга мансуб бўлган. Ўз динини ўрганишга интилаётган, Аллоҳ сўзини бутун дунёда олий қилиш учун ҳаракат қилаётган ҳар бир мусулмон бу йўлда янада янги ва самарали услубларни излашга мажбур бўлган. Яъни, ҳар қандай мусулмон ўзининг креатив қобилиятини амалда қўллаб, ривожлантириб борган.
Бироқ, умматнинг ҳақиқий креатив элитаси , “суперкреатив мағзи”, албатта Исломнинг илғор уламолари ва мужтаҳидлари бўлишган. Илмий, ақлий ва технологик жиҳатдан олиб қаралганда Ислом тамаддунининг сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асослари Қуръон ва Суннат билимдонлари ҳисобланган кўп сонли олимлар томонидан барпо қилинган. Улкан мамлакатнинг бутун ижтимоий жисми худди цемент ва қотириб турувчи қўшимча моддалар каби шу олимлар воситасида мустаҳкамланиб турилган.
Бундай бўлишига сабаб, мусулмонлар ҳар бир ишда Қуръон ва Суннатни ўзларига дастуруламал қилиш лозимлиги талабидан келиб чиққан.
Уламолар эса, “пайғамбарлар вориси” сифатида оддий одамлар учун Аллоҳнинг динини тушунтириб, ўргатиб берувчилар бўлган. Яъни, уларга Ислом дини қонунларини ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ қилиш, тушунтириш, изоҳлаш, фатволар бериш сингари вазифалар юклатилган.
Ижтимоий, сиёсий, иқтисодий фиқҳ (шариат ҳуқуқлари) соҳасидаги айнан мана шундай интеллектуал (ақлий), ижодий ташаббуслар, шунингдек, аниқ фанлар, калом илми, руҳий тарбия, нафис санъат ва оғзаки-ёзма адабиёт соҳаларидаги ютуқлари Исломни инсоният тарихидаги мисли кўрилмаган тамаддун савиясига олиб чиқди.
Вақт ўтиши билан Ислом уммати ҳар қандай тамаддун (агар ичида янги тўсиқларни енгиб ўта оладиган ва ўз эҳтиёжларини қондира оладиган куч бўлмаса) таназзулга юз тутиши муқаррарлигини унутиб қўйди. Ислом оламида ижодкорлик, ихтирочилик ва яратувчанлик ғоялари сўнгани сабаб уммат мудроққа кета бошлади.
Бугунги кунда мусулмонлар жамияти ва унинг ҳозирги замонда Исломий қадриятлар ва усулларига ижодий ёндошиш салоҳияти аста-секинлик билан қайта тикланмоқда. Чунки Ислом, бу – доимо янгидир, ҳозирги кунда инсониятнинг маърифий, ижодий ва амалий фаолиятининг барча соҳаларига кириб келаётган олий руҳий ва ақлий таълимотдир. Бунга мисол тариқасида Исломнинг Ғарбдаги муваффақиятли ҳаракатларини келтиришимиз мумкин.
Американинг Говард Унивеситети доктори Алтаф Ҳусайннинг айтишича, Ғарбда кўп ёш мусулмонлар вояга етмоқда. Бу эса, ўз навбатида, улар ўзларининг Исломий ўзлигини англашлари йўлида ўз танлаган соҳаларида, фаолиятларида Исломни акс этишига ва янги муқобил маданиятнинг шаклланишига восита бўлмоқда. Ислом ва исломий ҳаёт тарзи мартабаси олимлар, ёзувчилар, шоирлар, режиссёрлар ва актёрлар ижодий фаолияти орқали илгари сурилиши мусулмонларга нафақат муқобил маданият вужудга келишини келтириб чиқаради, шу билан бирга, бошқа маданият ва дин вакиллари орасида Ислом ҳақидаги тушунчаларнинг пайдо бўлишига ҳам сабаб бўлади.
Даниял Исаев мақоласи асосида Абу Муслим тайёрлади



