Шпаргалкалар ишлатиш мумкинми?

Шпаргалкалар ишлатиш мумкинми?

Бугун талабаларнинг аксарияти имтиҳонлар ва уйқусиз тунларида ўқишга киришлари, битиришлари ёки кейинги курсга ўтишлари учун имтиҳонга зўр бериб тайёрланиш даври бўсағасида турибдилар. Лекин замонавий технологиялар сабаб, кўплар бу даврни хотиржамлик билан кутиб олмоқдалар. Бугун талабаларга “ёрдам” берувчи қандай қурилмалар пайдо бўлди ва мусулмонлар улардан фойдаланишлари тўғрими, жоизми?

Леонид Гайдайнинг советлар давридаги ««Ы» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари» кинофилми барчага маълум. Ўша пайтларнинг ўзида ҳам ўткир зеҳнли талабалар имтиҳонларни топшириш учун турли қурилмаларни ўйлаб топган эдилар. Бироқ, у пайтдаги технологиялар ҳозиргилар каби мукаммал эмас эди.
Бугун интернет тармоқлари талабаларга имтиҳонларини “аъло” баҳога топширишга ёрдам берадиган янги, кўринмас технологиялар тўғрисидаги эълонлар билан тўлиб тошиб кетди. Тугмача, авторучка, линейка, ўчирғич, кўзойнак ғилофи, ҳатто минерал сув бутилкаси кўринишидаги видеокамералар – буларнинг ҳаммаси студентлар ишлатадиган замонавий кўчириш технологияларнинг ҳали охирига етмаган рўйхати... Нафақат кўринмас, балки атиги 15 сантиметрдангина тўлқинини аниқлаш мумкин бўлган, махсус тугмача билан жиҳозланган микронаушниклар ҳам пайдо бўлган. Ушбу мосламаларни ошкор қилиш қийин бўлгани билан уларнинг тузилиши (конструкцияси)дан хабардор бўлиб, уларни топиш мумкин.
Илгари студентлар қоғоз шпаргалкалардан, "бомбалар" ва телефон ускуналаридан фойдаланишар эди. Ҳозир эса канцеляр товарлар каби ниқобланган мосламалардан фойдаланишади. Агар яна ҳамма нарса бундай кўчириб ёзишлар асосида давом этаверса, ўқув юртлари қандай мутахассисларни тайёрлаган бўладилар?

Шпаргалкалардан фойдаланишга Ислом муносабати

Шпаргалкалар ва шунга ўхшаш нарсалардан кўчириш ёлғоннинг бир тури ҳисобланади (яъни ўзини ва атрофдагиларни алдаш). Ёлғон эса, Исломда ҳаром амалдир. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: «Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Оқибатда Аллоҳ ҳузурида ростгўй, деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради ва Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи), деб ёзилади», дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ҳадисдан келиб чиқадиган бўлсак, кўчирмачилик имтиҳон топширишнинг энг яхши тури эмас, балки унинг энг ёмони деб айтсак ҳам бўлади. 
Диний ўқув юртлари ўқитувчилар орасида ўтказилган сўровномада мусулмон талабалар шпаргалкадан фойдаланадими, деган савол ўртага ташланган ва қуйидаги нарсалар маълум бўлган:
Ўқитувчиларда кўчирмачиликни тақиқлаш учун қўлланадиган қандайдир бир услуб йўқ. Бироқ уларга кўра, энг таъсирли нарса ўқувчилар виждонига таъсир қилиш экан. Ҳар бир инсон ўз амали билан Аллоҳ таоло олдида жавобгарлигини эслатиш. Бу нарсалар эса талаба онгига сингдирилиши керак. 
Агар гуруҳда талабалар кўп бўлса, одатда, бундай оломонни бошқариш қийин бўлади ва асосан мана шундай гуруҳларда кўчирмачилик кўпаяди. Лекин кам сонли гуруҳларда ҳар бир талабанинг кўзига боқиб, унинг кўчириши ёки кўчирмаслиги тўғрисида сўралса, у ҳолда ижобий натижалар кузатилади. Асосийси – талабаларга шпаргалка ва шунга ўхшаш нарсаларни ишлатиш гуноҳлигини тушунтириш керак. 
Бир катта тадқиқот муассасаси ўқитувчиларидан бирининг айтишича: “Асосий бўлмаган вазиятларда номақбул хатти-ҳаракатларни амалга ошириш аҳмоқлик эканини талабалар онгига сингдириш лозим. Қандайдир баҳо олиш учун ўқувчилар катта гуноҳга қўл уришади. Бу ишни қилиш бунга арзимайди-ку, ахир. Мен имтиҳон пайтида шпаргалкаларни олиб қўйишим ёки эътибор бермай қўяверишим мумкин, деб талабаларни огоҳлантириб қўяман. Лекин шпаргалкасиини олиб қўйиб, уни жазоласам (мисол учун “икки” баҳо қўйсам) жазо студент учун охиратга қолиб кетганидан кўра яхшироқдир”, деб давом этади ўқитувчи. Охиратдаги жазо бу дунёдаги “икки баҳо”дан кўра албатта шиддатли ва оғироқдир. Виждон ҳисси бўлган ўқувчи эса, бу каби панд-насиҳатлардан кейин кўчириб олишни тўхтатади”.
Яна қуйидаги ҳолат ҳам кўп кузатилади: диний ўқув юртларда кўпчилик кўчирмасликка ҳаракат қилади, бироқ дунёвий ўқув юртларда бу нарсаларга унчалик амал қилишмайди. Улар: “Бу ерлар диний жойлар эмас, бу ерда мумкин” деган маънодаги сўзларни қилишади. Бироқ бу янглиш тушунча. Мусулмон одам қаерда турганига қараб ўзгармайди, яъни у юзига ниқоб тақиб олмайди, у доим ва ҳар жойда, яъни қаерда турганидан қатъий назар у доим холис бўлиши керак.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига шпаргалка ишлатиш тўғрими, деган мазмундаги савол берилганида, фазилатли устозимиз: “Тўғри эмас. Буни ўзингиз ҳам биласиз. Шунинг учун ‎кўнглингиз ғаш бўлиб, савол беряпсиз. Аммо мулла одам, ‎бўлаверади, деб қолса ажаб эмас, деган хаёл билан ‎ёзяпсиз. Билиб қўйинг! Ҳаромни мингта мулла ҳалол деса ‎ҳам ҳалол бўлмайди‎”, деб жавоб берганлар. 
Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди» (Моида сураси, 119 оят).
Шундай қилиб, имтиҳонда мусулмонга на шпаргалка, на телефон, на тугмачадек видеокамера ёрдам беради, балки олинган илм ва Аллоҳ таолонинг мадади ҳақиқий ёрдамдир.

Баъзи манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top