“Charlie Hebdo” нимаси билан шуҳрат қазонган эди?
Ҳафтасига бир марта чиқадиган «Charlie Hebdo» бой тарихга эга. У 1970-1981 йиллар босилиб турилган, сўнг ёпилган ва ўн йил ўтиб, 1991 йили яна нашрдан чиқа бошлаган. Журнал асосан Францияда машхур бўлган долзарб сиёсий ва ижтимоий мавзуларни ёритиб, карикатура жанрида “ижод” қилади.
Гарчи журнал босиб чиқарган материаллар атрофида олдинлари ҳам можаролар бўлиб турган бўлса-да, журнал асосан 2006 йилларда кўпроқ овоза бўлди. Ўшанда журнал Jyllands-Posten газетаси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳажв қилиб босиб чиққан ҳақоратли карикатураларга ўзиникини ҳам қўшиб қайта нашрдан чиқарган эди. Яна бир қатор Европа нашриётлари биргаликда босиб чиққан карикатуралар мусулмон дунёсида норозилик намойишларига сабаб бўлган эди. Элчихоналарга ҳужумлар уюштирилган, карикатура муаллифлари эса яшириниб юришга мажбур бўлган эди. Шундай бўлса ҳам журнал таҳририяти ўзича “Сўз эркинлиги” анъанасини қўллаб-қувватлаш ниятида бутун бир сонли номерни карикатурларга бағишлаб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилувчи карикатурларни босиб чиқишга журъат қилди.
Бир ой ўтиб, журнал “Исломлашишга қарши манифест” матнини эълон қилди, бу матн остида 12 та машҳур француз интеллектуалларининг имзолари ҳам бор эди. Улар асосан ёзувчи, файласуф, депутат ва шифокорлардан иборат бўлиб, аксарининг келиб чиқиши мусулмон мамлакатлардан эди. Имзо чекканлар орасида “Иблисона шеърлар” китобининг муаллифи Салмон Рушдий ҳам бор эди (Эслатиб ўтамиз, у ўша даврдаги Эрон етакчиси Оятуллоҳ Ҳумайни тарафидан ўлимга ҳукм қилинган). “Манифест” исломлашишни “тоталитар турдаги янги глобал хавф” деб айтади, уни фашизм, нацизм ва сталинизм билан бир қаторга қўяди ҳамда дунё ҳамжамиятини янги хавфга қаршилик қилишга ва ҳамма учун дунёвийликни шарт қилишга чақиради. Кейинчалик матн муаллифларининг айтишларича, улар жисмоний жазоланиш ҳақида таҳдидларга дучор бўлган экан.
2007 йили феврал ойида “Charlie Hebdo”нинг бош муҳаррири Филипп Вал Исломий қадриятларга “қасддан уюштирилган ҳужум” айблови билан маҳкамага тортилган. Уларга қарши Франция Исломий ташкилотлар иттифоқи ва Париж жоме масжиди ҳамда Бутундунё Ислом Лигаси маҳкамага ариза бергандилар. Француз маҳкамаси Филипп Вал ҳаракатларида ҳеч қандай жиноят борлигини аниқламаган ва унга қарши илгари сурилган барча айбловларни оқлаган эди. Бу эса, ўз навбатида мусулмонлар жамоасининг навбатдаги норозиликларига сабаб бўлди.
Журнал 2011 йилда Пайғамбаримизни ҳажв қилувчи карикатураларни яна чоп этди – журналнинг ўзи номини ўзгартириб, "Charia Hebdo"(шариат сўзидан олинган) дея атала бошлади, Муҳаммаднинг (ﷺ) ёнига эса “Агар кулавериб ўлиб қолмасангиз, юз қамчи уриласиз”, деган сўзлар ёзилганди. Ўша йили номаълум кимсалар таҳририят офисига ёндирувчи бомбани ташладилар, унинг ортидан аланга олиб кетган ёнғин деярли барча жиҳозларни куйдириб кул қилди. Тез орада Charia Hebdo сайтига хакерлар ҳужум қилдилар: унинг саҳифасида француз ва турк тилларида ҳақоратли шарҳлар пайдо бўлди.
2012 йилда “Мусулмонлар маъсумлиги” фильмининг намойишга чиқарилиши муносабати билан мусулмон мамлакатларида тартибсизликлар авжига чиққан пайтда журнал яна Муҳаммад пайғамбарнинг (ﷺ) карикатураларини чоп этди. Ўша тартибсизликлар давомида АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳамда дипломатик миссиянинг уч нафар ходими ўлдирилган эди. Кейинчалик тартибсизликлар аввалдан тайёрлаб қўйилган ҳужумни яшириш учун бир парда бўлиб хизмат қилгани ҳақидаги ҳақиқат рўёбга чиққани ҳам рост.
2009 йили Филипп Вал ўрнига келган журналнинг бош муҳарири Стефан Шарбон (Лақаби Шарб), карикатураларнинг босиб чиқарилиши таҳририят “сўз эркинлиги” тамойилларига эргашаётганининг нозик нуқтасида турганини баҳона қилган эди.
“Кимгадир ёқмайди дея Муҳаммад расмини олиб ташласак, сўнг одамлар, ҳайвонларнинг расмларини ҳам ман қилсак, газетани 16 та бўм-бўш саҳифа билан чиқарамиз-ку”, деди бугунги ҳужумнинг қурбонларидан бири Шарб.
Январ бошларида, яъни таҳририятга уюштирилган ҳужумдан икки кун олдин “Charlie Hebdo”дан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам расми туширилган болалар учун комикслар интернет савдосига қўйилган эди. Айтишларича, бу комикслар ҳажвий йўналишда бўлмай, балки маърифий мазмунда бўлган эмиш.
Исломийларнинг ҳужум қилишига комиксларнинг нашр қилиниши сабаб бўлганми, ёки бу олдинги нашрларга (Ислом эътиқодига кўра ҳар қандай усулда Муҳаммад алайҳиссаломнинг расмини чизиш мумкин эмас) жавобан қилинганми ҳалича аниқ эмас. Яна бир кўриб чиқилаётган талқин: ҳужумга "Ислом давлати" етакчиси Абу Бакр Бағдодийни ҳажв қилган карикатуралар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Воқеа гувоҳларига кўра ҳужумчилар ичкаридан "Биз Муҳаммад алайҳиссалом учун ўч олдик. Биз Charlie Hebdo ни йўқ қилдик" деб бақириб чиқиб кетишган.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади



