National Geographic танловида мадраса сурати ғолиб бўлди
Американинг машҳур National Geographic журнали томонидан эълон қилинган танловга 2016 йилда сайёҳлик соҳасида туширилган минглаб фотосуратлар тақдим этилди.
Табиат, илм-фан, маданият ва саёҳатларга бағишланган таниқли National Geographic журнали 2016 йилнинг энг сара сайёҳлик фотосуратларни чоп этди.
National Geographic нинг бу йилги танлови доирасида табиатнинг чиройли манзаралари, жозибали жойлар ва ўзига хослиги билан ажралиб турувчи инсонлар акс эттирилган минглаб қизиқарли суратлар тақдим этилди.
Мазкур журнал тақдим қилинган ишлар ичидан ғолибларни уч йўналишда эълон қилди:
“Табиат”, “Шаҳарлар”, “Инсонлар”.
“Шаҳарлар” йўналишидаги танловда биринчи ўрин Марокашда суратга олинган “Ибн Юсуф Мадрасаси”нинг тасвирига берилди. Сурат муаллифи Такаши Накагавадир.
Ушбу мадраса шу номли масжид билан биргаликда милодий 14-асрда барбарийларнинг маринийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида султон Абул Хасан Али I томонидан барпо қилинган. Бу икки иншоотдан бири бўлмиш мадраса биноси 16-асрда Мағрибнинг саъдийларидан бўлган султон Абддулоҳ I ал-Ғолиб томонидан ўзгартиришлар киритилиб, қайтадан қурилди. Қурилиш ишлари милодий 1565 йилда якун топганлигини мадраса хонақоҳи ичидаги ёзув тасдиқлаб турибди. Илм даргоҳи сифатида мазкур Ибн Юсуф Мадрасаси 1960 йилда ёпилди ва 1982 йилдан бошлаб музей тариқасида ўз фаолиятини давом эттирди.
Қизиғи шундаги, мадраса жойлашган шаҳарнинг бунёд қилиниши айнан шу мадраса қурилишидан бошланган. Марокаш шаҳрига қушучар баландликдан назар солганда унинг кўчалари Ибн Юсуф Мадрасаси атрофида айланалар шаклида жойлашганлигини кўриш мумкин.
Манба: info-islam



