Колумбиядаги шаҳарнинг аҳолиси қашшоқлик ва зўравонликдан исломда паноҳ топдилар
"The Guardian" нашри Колумбия жануби-ғарбидаги порт-шаҳар бўлган Буанавентурада вужудга келган катта бўлмаган мусулмон жамоаси тўғрисида хабар тарқатди. Бу шаҳар ҳаёт даражасининг ўта пастлиги ва мамлакатдаги энг юқори қайд этилган қотилликлар сони билан ажралиб туради.
"ИноСМИ" портали томонидан таржимаси тақдим этилган мақоланинг қахрамони маҳаллий шайх Мунир Валенсия бўлиб, у Колумбия учун анъанавий бўлган католик эътиқодида тарбияланиб келган ва ҳатто исломни қабул қилишдан аввал роҳиб бўлмоқчи экан. Ҳозирда эса унинг уйи бу ерда истиқомат қилувчи уч юз афро-колумбиялик мусулмонлар учун масжид вазифасини ўтамоқда.
Ислом дини бу ерларга ярим аср аввал Панамалик қора танли денгизчи Эстабан Мустафо Мелендес томонидан олиб кирилган бўлиб, у порт ишчилари орасида “Ислом миллати” Америка ҳаракати ғояларини илгари сурган. Бу ҳаракат замирида Ислом ақийдаси ва негр миллатчилиги ғоялари ётади. Мелендес издошлари улар учун янги бўлган динда қора танлилар ҳокимиятига эришишга умидни, шунингдек уларни ўраб турган қашшоқлик ва зўравонликдан ўзлари учун паноҳни кўрдилар.
Кейинроқ маҳаллий мусулмонлар “Ислом миллати” сиёсий ҳаракатидан узоқлашдилар ва Саудия Арабистонида амал қилинувчи сунний ақидага асосланган ислом эътиқодига амал қила бошладилар.
“Биз араб тилида ўқишни ўрганиб олдик, биз Қуръон ўқияпмиз, биз ортиқ АҚШга назар тикмаяпмиз, биз энди Саудия Қироллиги тарафга боқаяпмиз”, - деб сўзлади Мунир Валенсия.
Жамоат етакчиси, шунингдек, энг қашшоқ маҳаллалардан 180 кишига (булардан ҳар бешинчигина мусулмон оиласидандир) таълим берувчи икки ҳусусий мактабларни ўз қаноти остига олган.
Силвия Зайнаб мактаби энг ашаддий маҳаллалардан бирида жойлашган бўлиб, бу ерда жиноятчи гуруҳлар доимий равишда ўзаро ҳудуд талашадилар, аҳоли эса уларнинг ўртасидаги отишмаларда қолиб кетадилар. “Мактаб ушбу дахшатли воқеликдан қочишга кўмаклашади. Ўқувчилар меҳмонларни араб тилидаги Аллоҳнинг азамати тўғрисисдаги қўшиқлар билан кутиб оладилар. Испан тилида улар “Беш пайғамбарлар”, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Мухаммад (алайхимуссаломлар) тўғрисида испан тилида куйлайдилар”,- деб ёзади "The Guardian".



