Японияда янги масжид очилди

Ўтган йилнинг охирида Япония пойтахти Токиода, Хигаши-Готанд туманидаги Шинагава Вард кўчасида “Маданиятлараро мулоқот исломий маркази” номли янги масжид очилди.
Ушбу исломий марказнинг ўзига хос жиҳати шуки, у Японияда яшаётган муҳожир мусулмонлар томонидан эмас, балки Япония мусулмонлари уюшмасига аъзо бўлган япон мусулмонлар томонидан ташкил қилинган. Мазкур Уюшмага бугунги кунда жами 500 нафар япон биродарларимиз аъзо бўлган бўлиб, уларнинг элликка яқини пойтахтда истиқомат қилади.
Марказ ўз олдига исломий таълимотларни туб аҳоли – япон халқига уларнинг ўз тилида, маҳаллий урф-одат ва маданиятга яқин шаклларда етказиш, япониялик мусулмонларнинг ҳамжиҳатлигини оширишни мақсад қилиб қўйган.
Япония мусулмонлари уюшмаси ташкил қилингандан 50 йил кейингина Токиолик мусулмонлар жамоаси ўз масжидига эга бўлди. Уюшма 2003 йилдан бери ушбу масжиднинг қурилиши учун маблағ тўплай бошлаган бўлиб, бугунги кунда унинг қурилишига жами 2,3 миллион доллар сарфланган, деб хабар қилади golosislama.