БААнинг Шаржа шаҳрида фотокўргазма ташкил қилинди

Фотограф Питер Сандерс Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида фотокўргазма ташкил қилди. Кўргазмада Хитойда истиқомат қилувчи мусулмонларнинг ҳаёт тарзи акс этган фотосуратлар жамланган. Кўргазма ташкилотчиси Питер Сандерс Исломни қабул қилиб, исмини Абдулазим деб ўзгартирган.
Кўргазма 50 та кенг ўлчамли суратлардан иборат бўлиб, уларда Хитойнинг турли минтақаларида яшовчи мусулмонларнинг ҳаёт тарзи акс этган. Кўргазмада уларнинг ишда, мактабда, таътилда ҳамда намоз ўқиётган ҳолатларда тушган суратлари намойиш қилинмоқда. Муаллиф кўргазмага тақдим қилган суратларини 20 йил давомида тўплаган.
Абдулазим кўргазма очилишидаги нутқида шундай деди: “Мен Хитойнинг турли бурчакларини кезиб, мусулмонларнинг иймони нақадар кучли, маданияти нақадар юксаклигини кўриб, ҳайратда қолдим. Хитой мусулмонларининг ўзига хос, аммо бироз кўзга кўринмай қолаётган жиҳатларига томошабинларнинг эътиборини жалб қилиш мен учун жуда ҳаяжонли”.
Муаллиф ўзининг биринчи кўргазмасини Шаржа музейлар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил қилди. “Ушбу кўргазма нафақат бизнинг минтақамиздаги, балки жаҳон миқёсида ҳам ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган мусулмонларнинг маданиятини бадиий жиҳатдан юксак савияда олинган суратлари орқали ҳис қилишингиз мумкин. Бу БАА жамоатчилиги учун, бошқа маданий муҳитда яшаётган мусулмонларнинг ҳаёт тарзи ҳамда уларнинг Исломга қандай эътиқод қилишларини баҳолаш учун ажойиб имкониятдир.” – дейди Шаржа музейлар бошқармасининг бош директори Манал Атоя.