Ҳатто Пушкин мадҳ этган Китоб

Кеча Москвадаги жомеъ масжидида "Қуръон фестивали-2017" бўлиб ўтди. Фестивал доирасида ташриф буюрувчиларга пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муқаддас соч толалари намойиш этилди
Россиянинг энг асосий масжидларидан бири бўлмиш жомеъ масжидига кеча минглаб зиёратчилар тўпланди. Чунки ушбу масканда иккинчи бор Қуръон фестивали ўтказилди. Москва жомеъ масжиди имоми Шамил Аляутдинов меҳмонларга мурожаат қилар экан, ушбу фестивал мусулмонларнинг муқаддас китоби бўлмиш — Қуръонга бағишланганини айтиб ўтди. Ва, у ҳақда ҳатто Пушкин шеърлар битганини таъкидлаб, буюк рус шоирининг ижодидан йиғилганларга икки тўртлик ўқиб берди.
"Творцу молитесь; он могучий:
Он правит ветром; в знойный день
На небо насылает тучи;
Дает земле древесну сень.
Он милосерд: он Магомету
Открыл сияющий Коран,
Да притечем и мы ко свету,
И да падет с очей туман"…
Шундан сўнг имом соат 11 дан то кечга қадар жомеъ масжиди деворлари ичида байрам тадбирлари бўлиб ўтиши ҳақида айтиб ўтди. Айтиш жоизки, тадбир Қуръон ёш ҳофизлари танловидан бошланди. Мазкур танловда 3 ёшдан 14 ёшгача болалар иштирок этди. Ҳайъат аъзоларининг сўзларига қараганда, бугунги танловда турли мамлакатлардан 20га яқин болалар иштирок этиши белгиланган.
Андижонлик 9 ёшли Маҳмудов Муҳаммадумар ўзининг чиқиши билан кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Болакайнинг айтишича, у ота-онаси билан 3 йилдан бери Ивановода истиқомат қилиб келади. Муҳаммадумар келажакдаги орзуи шайх бўлиш эканлигини айтиб ўтди ҳамда барча тенгдошларига аъло баҳоларга ўқиш тилагини билдирди. Мазкур тадбирда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидда сақланаётган муборак соч толалари намойиш этилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муқаддас соч толалари барча мусулмонлар учун энг ардоқли ёдгорлик бўлиб қолмоқда. Бу ёдгорликни масжидга умрбод сақлаш учун Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров тортиқ қилган. Ушбу ёдгорлик фақат тантанали тадбирлардагина халққа намойиш этилади. Москва жомеъ масжидидан аввал бу муқаддас ёдгорлик Грозний шаҳридаги "Чеченистон юраги" масжидида сақланган. Фестивал меҳмонлари "Қуръондан илҳомланганлар" китоблар кўргазмасини томоша қилишди ва Қуръон хаттотлигидан мастер класс олишди ҳамда Қуръоннинг гўзал қироатидан баҳраманд бўлиб, Ислом ҳуқуқи (фиқҳ) бўйича ўтказиладиган интерактив викторинада қатнашишди.
Манба: sputniknews