Нима учун Ислом юзтубан ётишни ман этади?

Нима учун Ислом юзтубан ётишни ман этади?

Замонавий олимларнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, юзтубан (қорин билан) ётиб ухлаш ўлимга олиб  келиши мумкин.

Биз учун бу таъқиқнинг асосий сабаби – барча яхшиликларга бошлаб ва жамики ёмонликлардан қайтарган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтариқларидир.

Насих ибн Тифҳа Ғифорий отасидан ривоят қилади:

 «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида меҳмон бўлдим. Кечаси у зот алайҳиссалом биздан хабар олгани чиқиб, менинг юзтубан ётганимни кўриб қолдилар. Менга аста тегиниб: «Бундай ётиш Аллоҳни ғазаблантиради», дедилар».

Бошқа ривоятда келишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини уйғотиб: «Бундай ётма, фақат аҳли жаҳаннамлар шундай ётади», деганлар (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий).

Алоҳида фарқ билан ажратилмагани эса бу таъқиқнинг умумийлиги, эркагу аёлларга бирдек тегишли эканини ифодалайди.

Энди бу ҳадислар келганидан қарийб 1500 йил ўтиб, инсоният тадқиқотларининг натижаларини кўриб чиқайлик:

Юзтубан ётишлик нафас олишни қийинлаштиради. Ерга қараб, қоринда ётганда кўкрак қафаси механик равишда сиқилади. Бунинг натижасида эса ўпканинг охиригача кенгайиши тўсилади, керакли миқдордаги тоза ҳавони ололмайди.

Қоринда ётишлик атеросклероз касаллигига чалинган ёши катталар учун янада хавфлидир. Чунки ўпка фаолиятининг бузилиши оқибатида қондаги углерод оксидининг ошиб кетиши ҳатто ўлимгача олиб бориши мумкин.

Қорин устида ётилганда миянинг қон айланиши бузилади. Юзтубан ётган одамнинг боши ён тарафга қарайди ва умуртқа артериясини сиқиб қўяди, оқибатда бош миянинг қон билан таъминланиши бузилади. 

Иккинчи артериянинг фаолияти ҳам бузилган бўлса, масалан, унда атеросклеротик ёғлар тўпланган ёки спазм ҳолатида бўлса, унда у томирларда умуман қон айланмай қўяди. Фақатгина каротид артериясигина мияга қонни қисман беради холос, аммо уларда ҳам ўзгаришлар бўлиши мумкин, айниқса, кексаларда.

Испан шифокорлари олиб борган тадқиқотлар натижасидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, бундай ётиш уйқу учун жуда нотўғри экан, улар кўп ҳолларда аёлу эркакларда жинсий касалликларга сабаб бўлишини хулоса қилишган. Қорин устида ётган одамнинг ички аъзоларининг кўпи, жумладан, қовуғи ҳам қисилиши кузатилган.

Юзтубан ётилгандаги уйқу инсультга олиб келиши мумкин. Бош мия инсультлари асосан уйқуда, тахминан соат 4-5 лар орасида содир бўлиши ўрганилган.

Уйқу учун энг афзал ётиш шакли – ҳомиланинг она раҳмидаги ётиш ҳолати экан. Идеал ҳолат бу – ён билан ётиш, елка матрасда, бош ёстиқда ва оёқлар озгина букилган бўлсин. Аллоҳ Улуғдир. Айнан шу ҳолат бизга суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннат бўлиб келган ётиш шаклидир. У зот алайҳиссалом айнан шундай ётганлар.

Қорин билан ётишлик кўкрак учун ҳам зарарлидир. Уйқуда босим натижасида сиқилиб, кўкракда бурушишлар пайдо бўлади, тери бўшашганидан бу ажинларни кетказиш қийин бўлади.

Умуртқа поғонаси ва қаддида муаммолари бўлганларга ҳам бундай ётиш тавсия этилмайди.

Юзи тетик ва майин бўлишини хоҳловчиларга ҳам юзтубан ётиш мумкин эмас. Юзни ёнга буриб ётиш аввал енгил, кейинчалик тобора чуқур ажинларга сабаб бўлади. Шу тариқа ухлашни хуш кўрувчилар эса юзининг ўша тарафида, бир муддатдан сўнг лаб, бурун орасида ажинлар ва оғизнинг икки бурчагида чизиқ кўринса, ҳайратланишмасин.

 

 

back to top