Шимолий Суриядаги катта ўйин...

Президент Трамп жануби-ғарбий Суриядан сўнг яна бир минтақада яраштирув битими тузилиши ҳақида маълум қилди.
Олдинроқ АҚШ ИШИДга қарши кураш коалицияси вакили Бретт Магкерк (Brett McGurk) ушбу минтақа Туркия учун ўта муҳим бўлган Суриянинг шимолий қисми бўлиши мумкинлиги таъкидлаб ўтган эди. Махсус вакил унга қаратилган кўплаб саволларга қарамасдан масалага ойдинлик киритмади, шундай бўлса-да, ҳозирда Афринни ҳам ўз ичига олувчи яраштирув режаси тузилмоқда. Вашингтон жануби-ғарбий Сурияда бўлгани каби буни уддасидан чиқиш осон эмаслигини яхши билади. Маълум қилинишича, Россия ҳам ушбу режа устида иш олиб бормоқда, масалага алоқадор фикрлар ва ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.
Мураккаб жараён
Россия таклифларидан хабардор Вашингтондаги манбалар қуйидаги маълумотларни бердилар.
Суриянинг шимолий қисмида яраштирувни амалга оширишда Туркия ва “Демократик иттифоқ” (PYD) / Халқ ҳимоя бирлашмаси (YPG)нинг қўрқувларини ҳам инобатга олиш лозим. Вашингтонда Туркия ҳар вақт Афринга ҳужум қилиш эҳтимоли борлигидан хавфсирамоқда, чунки бу YPGнинг ИШИДга қарши операцияларини тўхтатиб қўйиши мумкин.
Муҳокамага узатилган ғоялар, Туркиядаги PYD / YPGга нисбатан “қизил чизиқлар”ни ҳисобга олган ҳолда ечим топиш имкониятини беради. Раққага ҳужум қилишдан аввал Вашингтон суриялик қурдларга мамлакатнинг шимолий қисми устидан маъмурий назорат қилишни ваъда қилди. Шу билан бирга, Америка маъмурияти Туркиядан Фурот ҳам қизил чизиқ эканлиги ҳақида белги олди.
Шу билан биргаликда Вашингтон Сурияда қуруқлик кучлари сифатида фойдаланаётган PYD / YPG қурдларга берган ваъдасини устидан чиқмаса, Россия томонига оғиб кетишини ҳам ҳоҳламайди. Келиб тушаётган маълумотларга кўра, руслар Африндаги YPG билан алоқа қилишни давом эттирмоқда.
Қурдлар Вашингтонга Фуротнинг шарқида жойлашган ҳудудни ғарбда Африн билан бирлаштирмоқчи эканликлари ҳақида маълум қилганларида, АҚШ ИШИДга қарши ҳозирланаётган жараён туфайли ушбу таклифни рад этолмаган. Ҳозирда АҚШ Туркия ва YPGнинг ғазабини келтирмайдиган йўлни изламоқда.
Ғоялардан бирига қараганда, қурдларга минтақанинг шарқий қисмида, Фуротнинг ғарбига ўтмаган ҳолда ҳукмронлик қилишга имкон берилади.
Катта режа
Юқорида келтирилган шароит амалга оширилиши учун АҚШ жуда катта режа устида иш олиб бормоқда.
- Фуротнинг шарқий қисмида бошқармалар ташкил қилишга рухсат олиш учун YPG Қурдистон Ишчилар партияси билан барча алоқаларини узиши ва уларнинг ҳудудидан Туркияга нисбатан ҳеч қандай ҳужумлар содир этилмаслиги лозим. Ушбу шартлар бажарилмаса, АҚШ YPG билан алоқасини узиши ҳамда уларга ёрдам кўрсатишни тўхтатиши ҳақида маълум қилди.
- Туркиядан ўз навбатида, қизил чизиққа риоя қилиниши юзасидан Африннинг ғарбий қисми ва Фуротнинг шарқий қисмлари қурд фуқаролар учун очиқ ва хавфсиз бўлиши талаб этилади.
Русларнинг позицияси
Ушбу режа амалга оширилиши учун русларнинг ҳам розилиги керак бўлганлиги боис, Вашингтонда уларнинг позицияси эътибор билан кузатилмоқда. Бир тарафдан руслар Туркия ва Африн масаласига аралашмасликлари ҳақида белги берсалар, бир тарафдан эса Афринда YPG элементлари координацияси устида ишлашни давом эттирмоқда.
Бундан ташқари, АҚШ Раққада руслар билан ўзаро ҳаракатда эканини ҳам таъкидламоқда. Руслар минтақадаТуркиянинг ёрдамига муҳтож бўлганликлари учун АҚШ YPGга қарамасдан уларга йўл очиб беришлари мумкинлигини маълум қилди.
Бунга жавобан, АҚШ ва Россия Туркиядан Озод Сурия армияси ва радикал гуруҳлар жойлашган Идлибда хавфсиз ҳудуд яратишда ёрдам беришига умид қилмоқда. Улар Туркияга қуйидаги таклифни бермоқда: “Бизга Идлибни хавфсизлаштир, биз эса сенга Афринда шароит яратиб берамиз”.
Суриянинг жануби-ғарбий қисмидаги яраштирув битими тузилганидан сўнг Туркиянинг Россиядан АҚШга қарши фойдаланиш имкониятлари ҳар томонлама қисқарди.
Минтақада Россия ҳам, АҚШ ҳам Туркияга муҳтож. Яраштирув битими YPGни четлаштирмай амалга оширилиши учун юқорида айтиб ўтилган АҚШнинг катта режаси Россия ёрдамида бажарилиши лозим.