Қодировнинг вакили Мянма чегарасидаги мусулмон қочқинлар лагерига борди

Чеченистон раҳбарининг Яқин Шарқдаги вакили, сенатор Зиёд Сабсабий Рамзан Қодировнинг топшириғи билан Бангладешдаги Мянма чегараси яқинида пайдо бўлган қочқинлар лагерига келди. Бу ҳақида Чечен республикаси раҳбари Instagram даги саҳифаси орқали маълум қилди.
Лагерга ташрифи чоғи Сабсабий оқсоқоллар ва маҳаллий ҳокимият вакиллари билан учрашди, БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича Олий бош комиссари идорасига келди.
“Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров номидаги ҳудудий жамоатчилик фонди Аракандан келган қочқинларга аниқ ёрдам кўрсатиш жараёнини бошлади. Эртадан бошлаб улар озиқ-овқат маҳсулотларини ола бошлайдилар. Бугун менинг вакилим Зиёд Сабсабий Бангладеш билан Мянма чегаралари дан 10 км масофада пайдо бўлган қочқинлар лагерларини бориб кўрди. Вазиятни у фавқулодда фожиали деб баҳолади. Бу ерда 160 мингга яқин қочқинлар бор. Одамлар йўл бўйига ва ўрмонларга жойлашганлар. Лагерларнинг бошқарувчилари йўқ. Ҳамма масалаларни оқсоқоллар билан муҳокама қилишга тўғри келди. Бошпанасиз қолган ва қийналган инсонлар ҳамма нарсага муҳтож: уларга чодирлар, кўрпалар, кийим-кечак, озиқ-овқат керак. Бу масалани пайсалга солиб бўлмайди. Эртага ҲЖФ ҳудудга озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришни бошлайди. Октябрнинг илк кунлари жамғармадан 10 минг нафар болалар ва 5 мингта катталар кийим-кечаклар олишади. Аракандаги вазият халқаро ҳамжамиятнинг зудлик билан ёрдам кўрсатишини тақозо қилмоқда”, – деган Қодиров.
Чечен раҳбари Грознийдаги миллионлаб инсонлар иштирокидаги роҳинжаларни қўллаб ўтказилган митинг етарли, бошқа бундай тадбирга эҳтиёж йўқ деб айтди.
“Вазиятдан фойдаланиб яна бир бор эслатиб ўтаман, у ерга кўнгилли бўлиб кетмоқчи бўлаётганлар, ким томонидан жўнатилаётганидан қатъи назар, фитнадир. Роҳинжаларга уруш керак эмас. Улар тинчлик ўрнатили учун сиёсий мададга муҳтожлар. Яна митинглар ўтказишнинг ҳам кераги йўқ. Миллион киши иштирокидаги митинг дунё ҳамжамиятига россияликларнинг бу борадаги қарашларини етказиб берди. Шуниси етарли, дунё вазиятга эътибор қарата бошлади. Аллоҳ мазлумларга Ўз марҳаматини кўрсатсин!” – деди Қодиров.
Аввалроқ мессенжерларда пайдо бўлган мусулмонларни якшанба куни Гудермесда йиғилиб Мянмага жиҳод учун борадиган кўнгиллилар рўйхатини тузишга чақириқ даъватини Грозний фитна деб атаганди.
Шу билан бирга Чеченистоннинг миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Жамбулат Умаров «Говорит Москва» радиостанциясига берган интервьюсида Мянмага Аҳмад Қодиров номидаги жамғарманинг вакиллари йўл олгани ҳақида хабар берган эди.