Америка генерали Исломни ҳақорат қилганлар учун кечирим сўради

Америка генерали Исломни ҳақорат қилганлар учун кечирим сўради

Қўшма Штатлар армияси кеча Афғонистон аҳолисидан уларнинг эътиқодини ҳақорат қилувчи варақалар сочгани учун кечирим сўради.

Толибон байроғи рангидаги, танасига калимаи шаҳодат ёзилган оқ итни таъқиб қилаётган шер акс эттирилган варақалар ижтимоий тармоқларда эътирозлар бўронини юзага келтирди.

«Ўз эркингизни бу итлардан тортиб олинг. Ҳарбийларга душманларни қиришда ёрдам беринг», – деган матн ёзилганди америкаликларнинг варақаларида.

Афғон аҳолиси танасига Аллоҳ номи туширилган ит тасвирига қаттиқ ғазаб билан муносабат билдирди. НАТО кучлари бу ахборот варақаларини мамлакатнинг катта ҳудудига сочиб улгурган эди.

«Улар бу ишни 99,9% аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатда қилмоқдалар», – дея ғазабланишарди ижтимоий тармоқларда.

НАТОнинг Афғонистондаги  кучларини бошқарувчи генерал-майор Жеймс Линдер хато учун кечирим сўради, деб хабар қилади Al Arabiya.

 «Варақа дизайнида хато туфайли мусулмонларни ҳам, Исломни ҳам таҳқирловчи тасвир акс этган. Мен чин дилдан кечирим сўрайман. Биз Исломни ва бутун дунёдаги мусулмон ҳамкорларимизни чуқур ҳурмат қиламиз», – деди Линдер.

back to top