Саудия Арабистонида “хуш келмайдиган” шайхлар ҳибсга олинмоқда

Саудия Арабистонида “хуш келмайдиган” шайхлар ҳибсга олинмоқда

Саудия Арабистонида яқин орада қирол Салмоннинг тахтдан кетиши ва унинг ўғли Муҳаммаднинг давлат тепасига келиши ҳақидаги мишмишлар ортидан ҳокимиятга хуш келмайдиган воизлар ва уламолар бирин-кетин ҳибсга олина бошланди, деб хабар беради араб ОАВлари.

Саудиялик манбаларнинг маълум қилишича, ўтган дам олиш кунлари шайх Салмон Авда, Авад ал-Қарний ва Али ал-Умарий сингари шайхлар ҳибсга олинган. Уларнинг учови ҳам ижтимоий тармоқларда кўплаб муштарийларга эга ва Қатар билан зиддият чоғи Саудия ҳукуматини қўллаб бирон сўз ёзишдан ўзларини тийган одамлардир.
шайх Салмон Авда нафақат ўзининг мўътадил қарашлари, балки дин ва ҳаётга фалсафий нуқтаи назардан ёндашуви билан ҳам ажралиб турарди. Қайд этиш жоиз, шу йилнинг январида шайхнинг рафиқаси ва боласи фожиали равишда ҳалок бўлган.
Мусулмон уламолари халқаро иттифоқи уламоларнинг ҳибсга олинишини қоралади ва қирол Салмон бин Абдулазиздан уларни зудлик билан озод этишни талаб қилди.
Иттифоқнинг баёнотида айтилишича, Ислом уламолари сиёсий зиддиятлар пайти майда чақага айлантирилмаслиги лозим.

back to top