Ҳукумат исломофобияга қарши

Канаданинг Эдмонтон шаҳрида шанба куни бўлиб ўтган ва бир полициячи ҳамда 4 йўловчига жабр етказган ҳужумлардан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари жамоатчиликни эс-ҳушини йиғиб олишга ва исломофоб қарашлардан воз кечишга чақирди.
Маълум бўлишича, ҳужум қилган шахс Канадага қочқин мақомида келган Сомали фуқароси экан. Бу маълумот ижтимоий тармоқларда қизғин норозиликка сабаб бўлди – асосан қочқинларга хайрихоҳ бош вазир Жастин Трюдо ва Иммиграция вазири Аҳмад Ҳусайн (келиб чиқиши Сомалидан) танқидларга нишон бўлдилар.
Полиция сержанти Дэвид Жонс ижтимоий тармоқлардаги исломофоб шарҳларни эътиборсиз қолдира олмади ва сомалилик террористни деб мусулмонларни таъқиб қилмасликка чақирди.
Унга жавобан ҳақоратлар ва норози шарҳлар ёғилиб кетди, аммо Жонс ўз фикрини асослашдан тўхтамади, деб хабар қилади Global News.
Эдмонтон мэри Дон Ивсон ўз баёнотида «бизни парчалашолмайди» деган мазмундаги ҳештег ишлатди. Бу ҳештег кейинчалик Эдмонтон аҳолисининг кўпчилиги томонидан қўллана бошлади.
Канадада катта обрўга эга Саид Сухарвардий зўравонлик ва террорни Исломда ҳаром қилинган амаллар сифатида қоралади ва ўзига нисбатан ҳам нафрат тўла шарҳлар ва хабарлар олганини айтди.