ЕИ Мянмага қарши санкциялар қўллаши мумкин
Европа Иттифоқа Ракхайн штатидаги вазият туфайли Мянмага қарши санкциялар қўллаши мумкин. Маълумки, бу ерда ҳукумат кучларининг тинч аҳолига қарши зўравонлик ишлатиши оқибатида минглаб инсонлар ҳалок бўлди ва юз минглаб мусулмон роҳинжалар қўшни Бангладеш ҳудудига қочиб ўтди.
Ҳозирда ушбу ҳужжат лойиҳаси ЕИ марказий органлари томонидан муҳокама қилинмоқда. Ҳужжат лойиҳаси келаётган душанба аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларнинг учрашувида тақдим этилади.
Бошланғич жазо чоралари сифатида Мянма Ҳарбий кучлари қўмондонлик таркиби вакилларининг, хусусан, бош қўмондоннинг, Европа Иттифоқига келишини тақиқлаш масаласи лойиҳада кўрсатилган.
ЕИ шунингдек қўшимча чеклов чораларини ҳам кўзда тутмоқда. «Лекин ижобий қадамларга ЕИ ҳам муносиб жавоб бериш ниятида», – дейилади ҳужжатда.
ЕИ Мянмадан келаётган қочқинлар оқимини тўхтатиш учун ҳукуматни куч ишлатишни тўхтатишга чақиряпти.



