Жаҳон автобрендлари муслималарни кўз остига олди
Саудия Арабистонида аёлларга машина ҳайдашга рухсат берилгач, жаҳон автомобилсозлари бўлажак рулдаги хонимлар учун алоҳида таклифлар яратишга киришиб кетди.
Автомобиль брендлари янги машиналарга талаб манбаи сифатида айнан саудиялик аёлларни нишонга олиб ўз моделларини реклама қилишни бошладилар.
Масалан, Renault бренди ўзининг Captur моделидаги 7 та янги автомобилини фирма шоу-румларига биринчи бўлиб келиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатган аёлларга совға қилишини айтди, деб хабар бермоқда The National.
Renault нинг Яқин Шарқ бўйича менежери Марван Хайдамуснинг сўзларига кўра, Captur моделини ярми аёллардан иборат мутахассислар гуруҳи яратган (автосаноатда бу ҳол жуда кам кузатилади), шу сабабли саудиялик автохонимларга айнан шу моделни таклиф этмоқдалар.
Шунингдек, Jaguar ва Nissan автомобиль брендлари ҳам саудиялик аёллар учун махсус реклама ишлаб чиқди.



