Чеченистон раҳбарининг Ўзбекистонга сафари

Чеченистон раҳбарининг Ўзбекистонга сафари

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон юртимизда динимизнинг муаттар шукуҳи тобора кенг ёйилмоқда. Сўнгги кунлар ватанимиз мўмин-мусулмонлари учун қадрли бўлган, халқимизнинг ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутган воқеаларга бой бўлди.

Жумладан, Ўзбекистонга Чеченистон раҳбари Рамазон Қодиров амалий ташриф билан келди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Чеченистон Республикаси раҳбарини қабул қилди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, олий даражадаги мунтазам учрашувлар Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга, шунингдек, уларни аниқ амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилганини алоҳида таъкидлади.

Жорий йил апрель ойида Россия Федерациясига олий даражадаги ташриф чоғида имзоланган икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим турли тармоқларда яқин ҳамкорлик ва кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида янги имкониятлар яратгани қайд этилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Президенти Владимир Путиннинг яқинда Сочи шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида томонлар ҳудудлар даражасидаги алоқалар фаоллашаётганидан мамнун эканликларини билдириб, ушбу ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини таъкидладилар.

Суҳбат чоғида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдо ҳажми ва номенклатурасини кенгайтириш, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Чеченистон раҳбари Ўзбекистон Президентига самимий қабул ҳамда отаси Аҳмад ҳожи Қодиров таҳсил олган Ислом цивилизациясининг тарихий марказларини зиёрат қилиш мақсадида мамлакатимизга ташрифини ташкил қилишга кўмаги учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, у кўп миллатли ўзбек халқига чуқур эҳтиромини билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини тарғиб қилиш борасида олиб бораётган сиёсати ва халқаро ташаббусларига юксак баҳо берди.

Суҳбат чоғида Чеченистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорликни янада ошириш истиқболлари муҳокама қилинди, иқтисодий ва маданий соҳаларда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Рамазон Қодиров юртбошимизга мазкур самимий қабул учун, айниқса, падари бузруквори таҳсил олган табаррук илм даргоҳларини зиёрат қилиш ташрифини ташкил қилганлари учун чуқур миннатдорчилик билдирди.

Суҳбат сўнгида Рамзан Қодиров икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва кўп қиррали алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда фаол иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

Чечен халқининг асл фарзанди, Россия қаҳрамони Аҳмад Қодировнинг кенжа ўғли Рамазон Қодиров падари бузруквори таҳсил олган қадим Мовароуннаҳар юртига келиб, отасининг, ҳам ўзининг устози бўлган улуғ аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабрини зиёрат қилди. Меҳмонимиз ҳазратимизнинг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Юсуф билан бирга Кўкча қабристонига кириб келди. Устознинг қабри ёнига тиз чўкиб, чуқур қайғу билан бу табаррук тупроқни силаб, хотиралар уммонига чўмди. Рамазон Қодиров Қуръони Карим тиловатидан сўнг барча ўтган мўмин-мусулмонлар ҳаққига, отасининг ҳаққига, отасига ҳам, ўзига ҳам устозлик қилган шайх ҳазратларининг ҳаққига узоқ дуо қилди.

Суҳбатдан сўнг Рамазон Қодиров пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасига ташриф буюрди ва пешин намозини биргаликда ушбу масжидда ўқиб, ҳазрати Усмон Мусҳафини ҳамда бошқа қадажоларни зиёрат қилди.

Рамазон Қодиров – Чеченистоннинг биринчи президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад ҳожи Қодиров бошлаган тинчлик ва бунёдкорлик сиёсатининг муносиб давомчисидир.

Аҳмад ҳожи Қодиров 1982-1986 йилларда Тошкент ислом олий маъҳадида ўқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан бевосита таҳсил олган ва умрининг охиригача содиқ шогирдлардан бўлиб қолган эди. Муфтий Аҳмад Қодиров чечен халқи бошидан кечирган энг оғир кунларда халқининг дини, мустақиллиги ва тинчлиги учун жон фидо қилгач, Рамазон Қодиров отасига муносиб ўринбосар бўлди. Бугунги кунда Чеченистон нафақат Россияда, балки дунё миқёсида энг тез ривожланиб бораётган давлатлар даражасига чиқиб олди. Рамазон Қодиров масжид-мадрасалар қуриш, диний таълимни йўлга қўйиш борасида ҳам кўп хайрли ишларга бош-қош бўлмоқда.

2017 йил 17 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқандга ташриф буюрди.

Ташриф марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошланди. Қабр олдида таомилга кўра, Қуръони карим тиловат қилинди.

Мартабали меҳмон марҳум юртбошимиз Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилаётган мажмуада олиб борилаётган ишлар Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг Рамзан Қодиров Имом Бухорий мажмуасига ташрифи асносида Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этар экан, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, дуо қилинди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътиборни юксак баҳолади.

Мажмуа ёнидан бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилишига катта имконият бериши эътироф этилди.

Меҳмонлар ташриф давомида “Хўжа Дониёр” зиёратгоҳи, буюк саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мангу қўним топган “Шоҳи Зинда” мажмуаси ва “Регистон” ансамблини ҳам зиёрат қилишди.

Шундан сўнг Рамзан Қодиров Самарқанд шаҳридан Бухоро шаҳрига етиб борди. Меҳмонлар Бухоро халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди. Бухорога ташрифини Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси билан танишишдан бошлади. Рамзан Қодиров Баҳоуддин Нақшбанд қабрини зиёрат қилиб, дуо қилди.

Меҳмонларга мазкур қадамжонинг тарихи, собиқ тузум давридаги аҳволи, мустақиллик йилларида ушбу зиёратгоҳда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, тарихий ёдгорликларнинг қайта тикланиб, нафақат республикамизнинг барча ҳудудларидан, балки кўплаб хорижий мамлакатлардан ҳар йили ташриф буюраётган минглаб сайёҳлар учун ҳам эътиборга сазовор жой эканлиги ҳақида сўзлаб берилди.

Шунингдек, мусулмон оламида алоҳида эътироф этиладиган хожагон-нақшбандия таълимоти, унинг асосчилари бўлган буюк аждодларимизнинг бой маънавий мероси ва уни ўрганиш ҳамда тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар берилди. Рамзан Қодиров мажмуада Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган “Мир Араб” Олий мадрасаси билан танишди.

Ташриф давомида Рамзан Қодиров мазкур диний таълим муассасида таҳсил олаётган талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари билан яқиндан танишди. Дарс жараёни билан танишар экан, Рамзан Қодиров Мир Араб Олий мадрасасининг фахрий талабаси сифатида ўқишга қабул қилинди. Рамзан Қодировни Мир Араб Олий мадрасасининг фахрий талабаси сифатида ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ олий мадрасанинг ректори Ҳайдар Йўлдошхўжаев томонидан Рамзан Қодировга топширилди.

“Мир Араб” ўрта махсус Ислом билим юрти билан танишиш асносида давом этди. Бу ерда 72 йилдан буён ўрта махсус ислом билим юрти фаолият кўрсатмоқда.

Рамазон Қодиров отаси Аҳмад Қодиров таҳсил олган Мир Араб мадрасасига кириб келди. Бу қадимий мадрасани томоша қилар экан, азиз меҳмонимиз падари бузрукворининг қадами теккан ҳар бир йўлакни, ҳар бир хонақоҳни ўзгача ҳаяжон билан кўздан кечирди, отаси яшаган, ўқиган хонада бўлди, мадрасага асос солган буюк зот – Амир Яманийнинг қабрини зиёрат қилди.

Шунинг билан Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди. 

Ушбу зиёрат Рамазон Қодировда ниҳоятда катта таассурот қолдирди. Чеченистон раҳбари юртига қайтиб боргач, ўзининг шахсий саҳифасида ушбу сафар ҳамда зиёратлар ҳақидаги ҳаяжон, ҳурмат ва самимиятга тўла қалб сўзларини ёзиб, ўзбек халқига, Ўзбекистон президентига, барча мезбонларга, қадрдонларига самимий миннатдорчилик билдирди.

Одилхон қори Юнусхон ўғли

Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби

back to top