АҚШ Мянмани мусулмонларга қарши зўравонликда айблади
Қўшма Штатлар Мянма ҳарбий раҳбариятини роҳинжа мусулмон озчилигига нисбатан шафқатсиз этник тозалаш ўтказганликда айблади – давлат котиби Рекс Теллерсон шу мазмунда баёнот берди.
«Бу ерлардан келаётган ваҳшийликлар ҳақидаги хабарларни эшитиб, дунё жимгина томоша қилиб туролмайди», – деди Тиллерсон.
Тиллерсоннинг сўзларига кўра, Вашингтон Мянманинг жангарилар билан муаммоси бор, аммо ҳарбийлар ҳадларидан ошган ва тартибга чақирилиши лозим деб ҳисоблайди.
Айни пайтда давлат котиби Қўшма Штатлар Мянманинг ҳарбий раҳбариятига қарши бирон чора кўрилиши борасида бирон гап айтмаган.
АҚШнинг 43 нафар конгрессмени эса Трамп маъмуриятини мамлакатга Мянма ҳарбийларининг киришига чекловлар белгилашга ҳамда роҳинжаларнинг оммавий қирғин қилинишида айбдор ҳарбийларга қарши санкциялар мажмуини ишлаб чиқишга чақирди.
Депутатлар очиқ хатда Мянмада инсон ҳуқуқларини поймол этаётган ҳар бир шахс учун очиқ жазо чоралари қўллашга чақирганлар, дея хабар беради Al Jazeera.



