Собиқ роҳиб: «Мини юбкадаги аёлларга нафрат сабаб Исломни қабул қилдим»
Кенияда шов-шувли воқеа содир бўлди – насроний роҳиб Исломни қабул қилди ва ўз черковини масжидга айлантирди.
Ньялгоси шаҳрининг аҳоли зич яшайдиган жойида жойлашган «Худонинг чақириғи» черковининг собиқ руҳонийси Чарльз Оквани ўз ибодатхонасида беандиша кийинган аёлларни кўравергач, динини ўзгартириш ҳақида ўйлай бошлади. Маҳаллий аҳолининг беадаблиги ва «эркин» хулқидан ғазаби ошган Чарльз мусулмон бўлишга аҳд қилди, чунки Исломда ахлоқ қоидалари жуда қатъийдир. Унинг сўзларига кўра, у диний ходим сифатида кўплаб жойларда сафарларда бўлган ва мусулмон жамоатидаги ҳаёт тарзи ўзига кўпроқ маъқул келишини сезган. 65 ёшлик собиқ роҳиб исмини ўзгартирди ва Исмоил деб аталди, ўз черковини эса масжидга айлантирди. «Менинг черковим Шарқий Африканинг Ньялгоси шаҳридаги «Худонинг чақириғи» номи билан таниқли эди. Энди у Ньялгоси жоме масжиди деб аталади», – деди Исмоил. Бу ҳақида IslamNews сайти sde.co.ke га таяниб маълумот тарқатди.



