Фаластинликлар Британия ҳукуматининг узр сўрашини кутяпти
Фаластинни озод қилиш ташкилоти (ФОТ) Буюк Британия ҳукуматини Балфур Декларациясининг навбатдаги санасини нишонлаш ўрнига Фаластин халқидан кечирим сўрашга чақирди.
ФОТнинг қочқинлар масалалари бўйича бўлими раҳбари Закариё Ал-Оға ўз баёнотида Буюк Британия ҳукуматининг Исроил Давлати тузилишида муҳим роль ўйнаган Балфур Декларацияси 100 йиллигини нишонлаш ниятини қоралади.
«Балфур Декларацияси 100 йиллигини нишонлашга тайёрланиш ўрнига Буюк Британия Фаластин халқидан кечирим сўраши керак. Акс ҳолда биз Буюк Британиянинг халқаро судда жавоб бериши учун зарур чораларни кўрамиз», – дейилади баёнотда.
Баёнот муаллифи халқаро ҳамжамиятни фаластин халқига нисбатан тарихий адолатсизликка барҳам беришга ва Исроилни қилган ишлари учун жазолаб, Фаластин ерларини босиб олишини тўхтатишга чақирди.
Балфур декларацияси – 1917 йил ўша пайтдаги Британия ташқи ишлар вазири Артур Балфур томонидан сионистлар ҳаракати етакчиси барон Лайонел Уолтер Ротшильдга йўллаган мактубидир. Унда Балфур Британия ҳукумати номидан баёнот бериб, Фаластин ерларида «яҳудий халқининг ўчоғи»ни яратишни қўллаши ҳақида ваъда берган.
Балфур Декларацияси эълон қилингандан бир ҳафта ўтиб (1917 йилнинг 9 ноябрида) Севр тинчлик шартномаси имзоланган, унга Усмонлилар империяси ҳам қўшилган. Британиянинг Фаластинни бошқариш мандати 1922 йил Миллатлар Лигаси томонидан тасдиқланган.



