Франция яҳудийларнинг мустамлакачилик режаларини қоралади
Франция ташқи ишлар вазирилиги яқинда Исроил томонидан эълон қилинган Ғарбий қирғоқни, яъни Фаластин мухторияти ерларини мустамлакага айлантириш режасини қаттиқ қоралади.
Бу режага кўра Фаластинда 3 000 та янги яҳудийлар уйлари қурилиши керак, жумладан, Хеврон (Ал-Халил) шаҳрида ҳам. Бу 2002 йилдан бери режалаштирилаётган энг йирик мустамлака дастуридир.
Франция ташқи ишлар вазирлиги баёнотида, жумладан, шундай дейилади: «Бу янги лойиҳалар тўхтовсиз мустамлака сиёсати олиб борилаётганини тасдиқлайди. Улар мавжуд зиддиятни кучайтиради ва икки давлатнинг тотувликда яшашига асосланган адолатли ҳамда мустаҳкам тинчлик истиқболини йўққа чиқаради».
Франция таъкидлайдики: «Мустамлакачилик БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2334 резолюциясида айтилганидек, халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузиш саналади». Шу муносабат билан Париж Исроил ҳукуматини айни қорордан воз кечишга чақиради.
Бундан ташқари, баёнотда айтилишича, Исроилнинг Фаластиндаги мустамлакачилик режалари шу йилдан бошлаб мислсиз даражага етди, бу «тинчлик жараёнларига тўсқинлик қилувчи жуда ёмон ишорадир».



