Туркия аҳолиси Мянма мусулмонлари учун $20 млн йиғишди

Туркия аҳолиси Мянма мусулмонлари учун $20 млн йиғишди

«Аракан ёрдам сўраяпти. Туркия ёрдам қўлини чўзади» акцияси доирасида ёрдам пули йиғилди.

Туркиядаги нодавлат ташкилотлари ва оддий фуқаролар роҳинжа халқига кўмак учун 800 миллион турк лираси ($21.6 млн дан ортиқ) маблағ тўпладилар, деб хабар беради Туркия ҳукумати қошидаги фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш Бошқармаси (AFAD) бошлиғи Меҳмет Гулўғли.
Унинг сўзларига кўра, ёрдам пули йиғиш «Аракан ёрдам сўраяпти. Туркия ёрдам қўлини чўзади» акцияси доирасида амалга оширилди.
Гулўғли Мянманинг Аракон штатидаги зўравонликлар 1980-йиллардаёқ бошланганини, ўшанда Мянма ҳукумати минглаб мусулмонларни фуқароликдан маҳрум этгани ва уларнинг бир қисми мамлакатдан қочишга мажбур бўлганини эслатиб ўтди.
AFAD раҳбари шу йилнинг август ойида роҳинжа мусулмонларига нисбатан зўравонликларнинг янги оқими бошлангач, икки марта Бангладешдаги қочқинлар лагерларида бўлганини ва аҳвол билан жойида танишганини айтди.
«Мен Кения, Фаластин, Суриядаги кўплаб лагерларда, Иорданиядаги суриялик қочқинлар лагерларида бўлганман ва очиқ айтишим мумкинки, Бангладешдаги лагерлар улар орасида аҳволи энг ёмонидир. Туркия Бангладешда 100 минг кишилик қочқинлар лагери яратишга тайёрлигини маълум қилди», – деди Гулўғли ва Бангладешнинг жаҳонда аҳоли энг зич яшайдиган энг қашшоқ мамлакатлардан бири эканини эслатиб ўтди.

back to top