Саудия Арабистонида дунёдаги энг инновацион шаҳар қурилади
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон Ас-Сауд қиролликда Неом номли замонавий инновацион шаҳар қурилиши ҳақида маълум қилди.
«Саудия Арабистони 2030 йилгача тараққиёт дастури доирасида янги авлод шаҳри – Неомни қуради, у цивилизациялар кесишадиган бутунжаҳон маркази бўлади», – дейилади янги лойиҳа тақдимотида. Уни Ар-Риёдда бўлиб ўтаётган форумда Future investment initiative вакиллари тақдим этдилар.
Келажак авлод шаҳрининг майдони 26 минг квадрат километр бўлади ва у мамлакат шимолида жойлашади. Қурувчиларнинг ғоясига кўра, Неом араб мамлакатлари, Африка, Осиё, Европа ва Америка мамлакатларини иқтисодий жиҳатдан боғлайди.
Янги шаҳар инвесторларга 500 миллиард доллардан ортиқ маблағ келтириши кутилмоқда.



