Канада муҳожирларга эшикларини кенг очмоқда

Канада ҳукумати яқин 3 йил ичида муҳожирлар қабул қилишни кўпайтиради, бу аҳолини «ёшартириш» ва иқтисодий ўсишга туртки бериш мақсадида қилинмоқда, дея хабар беради СВС телеканали.
Канаданинг Миграция ишлари бўйича вазири Аҳмад Ҳусайнинг маълум қилишича, 2018 йил Канада 310 минг, 2019 йилда – 330 минг ва 2020 йилда – 340 минг мигрантни қабул қилади. Унинг ҳисобларига кўра, 2020 йилга келиб ҳар йили мамлакат аҳолисининг 1 фоизига тенг мухожирлар қабул қилина бошлайди.
«Ҳукуматимиз муҳожирлар жамиятимизда муҳим роль ўйнашига ишонади», – деди Ҳусайн ва бу қадам мамлакат аҳолисини «ёшартириши»ни алоҳида таъкидлади. «Канада ҳукуматининг муҳожирларга боғлиқ стратегияси «ишчи кучи ўсиши сусайган ва аҳолининг ўртача ёши катталашиб бораётган шароитда» Канада корхоналарига мадад бериш ва меҳнат бозоридаги талабни қондиришни кўзлайди», – деди вазир.