Барзоний: «АҚШ бизни алдади»
Курд мухторияти маъмурияти Боғдод билан музокараларни йўлга қўймоқчи.
Yenicag.Ru нинг маълум қилишича, бу ҳақида Курд мухториятининг собиқ етакчиси Масъуд Барзоний CNN журналисти Кристиан Аманпур билан интервьюсида маълум қилган.
Интервьюда Барзоний референдум Боғдодга мухторият чегараларига ҳарбий кучларини жўнатиш учун баҳона бўлганини айтди.
«Мазкур режа Боғдод томонидан референдумгача тузиб қўйилган эди. Мен Ироқ ҳарбийлари Курд мухториятига ҳужум қилганларидан таажжубланмадим, аммо Америка террорчилар деб атаган инсонларнинг америкалик зобитлар ва расмийлар кўз ўнгида бизга Америка қуроллари билан ҳужум қилганлари мени ҳайратга солди», – деди Барзоний.
Журналистнинг: «Барибир уларга (АҚШ, Туркия, Эрон ва Ироқ) ён босар экансиз, мустақиллик ҳақида референдум ўтказишнинг нима кераги бор эди? Ахир сиз ҳарбий куч ишлатишга тайёрлигингизни ҳам айтгандингиз-ку» деган саволига Барзоний «курд халқи у ёки бу томон рози бўлишини абадий кута олмайди» деб жавоб берган.
«Биз мустақиллик ҳақида эртасигаёқ эълон қиламиз демагандик. Биз Курд мухторияти аҳолиси ўз фикрини ифода этди ва Боғдод билан зўравонликларсиз ҳамда ўзаро тушуниш асосида музокараларни давом эттирамиз, бунга қанча вақт кетса кетсин дегандик», – қўшимча қилди у.
Барзоний АҚШнинг оммавий референдум ўтказмаслик ва мустақилликни эълон қилмаслик ҳақидаги маслаҳатига нима учун амал қилмаганини тушунтирди.
«Америкаликлар ҳозир референдумнинг вақти эмас, уни икки-уч йилга кечиктириш керак, ўшанда референдум ўтказсангиз, унинг натижаларига ҳурмат билан қараймиз, дейишди. Биз эса «ҳурмат» ўрнига «кафолат ва мадад» сўрадик, шунда референдумни кечиктирамиз дедик. Лекин улар таклифимизга рози бўлишмади. Шу сабабли референдумни кечиктириш бизга камроқ зарар келтиришига ишонмадик. Энди Курд мухторияти ҳукумати Боғдод билан муносабатларни яхшилашга уринмоқда. Биз ҳамон уруш ва зўравонликка қаршимиз», – деди Барзоний.
Интервью якунида Барзоний Ироқ бош вазири Ҳайдар Ал-Абадийга хабар йўллади.
«Ўтган йили биз сизга Мосулда кўп ёрдам бердик. Агар пешмергалар бўлмаганида, сиз Мосулни озод этолмасдингиз. Мантиқ ва ақлга мурожаат этиб Курд мухторияти муаммосини музокаралар билан ҳал қилинг, чунки уруш бутун Ироқда қон тўкилиши ва вайроналикларга олиб келади», – якунлади сўзини мухторятнинг собиқ раҳбари.



