Марҳабо, Мавлид!

Марҳабо, Мавлид!

    Мавлид ёки Милад – сарвари коинот Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак таваллуд айёмлари узоқ йиллардан бери бутун дунё бўйлаб ўзига хос нишонланиб келмоқда. Бу кун кўплаб араб давлатларида, жумладан, БААда ҳам кенг байрам қилиниб, дам олиш куни дея эълон қилинган. Мамлакат мусулмонларининг 85 фоизини ташкил қиладиган аҳли сунна мавлидни роббиул аввалнинг 12-кунида, шиа муслимлари эса ойнинг 17-санасида нишонлайдилар. Бу йилги байрам 30 ноябрга тўғри келмоқда.

   Байрам БАА мусулмонлари тарафидан  турли жамоаларда турлича нишонлади. Баъзи мусулмонлар жамоаси очиқ ҳавода парадлар уюштирадилар. Эркаклар яшил кийим киядилар ва қўлларига яшил байроқ ушлаб оладилар. Кичкина қизалоқлар пушти ва оқ либосларда атрофдаги мусулмон ва ғайридин меҳмонларга таомлар ёки байрам ширинликларини тортиқ етадилар.

  Бошқа бир жамоа еса бу кунни байрам эмас, пайғамбаримизнинг туғилган кунлари сифатида нишонлайди. Улар бу кунни Қуръон тиловат қилиш, диний маърузалар эшитиш, намоз ўқиш ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари ҳақида билимларини синаш ҳамда ўрганиш билан ўтказадилар. Салавотлар ва сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига оид қиссалар масжиду хонадонларда тўхтовсиз эшитилиб туради.

   Баъзи жойларда амирликнинг миллий дўмбираси бўлмиш “Даф” ёрдамида мусиқалар янграйди. Нашида ва саловотлар жаранглайди. Ширинликлар, ичимликлар, амирликнинг миллий таомлари улашилади. Бундай эҳсонлар камбағал инсонларга ҳам тарқатилади.

   Байрам шарофати билан кўплаб савдо дўконларида чегирмалар,  автомобиллардан тушган жарималарга чегирмалар, турли бепул кўнгилочар тадбирлар ўтказилади.

Марҳабо, Мавлид! Сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, ё Расулуллоҳ!

 

Раҳнамо Ҳасанова

 

back to top