Дунё Фаластин халқи билан бирдамлик кунини нишонлади

Дунё Фаластин халқи билан бирдамлик кунини нишонлади

29 ноябрда бутун дунё 1977 йил БМТ Бош ассамблеяси томонидан таъсис этилган Фаластинликлар билан халқаро бирдамлик кунини нишонлади.

Ҳар йили шу куни жаҳон ҳамжамияти Фаластин-Исроил зиддиятига барҳам берилиши учун ўз ҳамжиҳатлигини изҳор қилади.
Орадан 40 йил ўтган бўлса ҳам, фаластинликларга нисбатан истило ва ҳуқуқ бузилиши тўхтагани йўқ.
Бугунги кунда 58 фоиз Фаластин ерлари Исроил истилоси остида қолмоқда. Фаластин давлати ўзига қарашли ерларнинг бор-йўғи 15 фоизини назорат қилаётганига, уни 136 давлат тан олганига қарамай, амалда у бутунлай мустақил бўла олмади.
Фаластин Усмонлилар давлати таркибида чиққач, унинг ерларини Буюк Британия тасарруф этиб, Бальфур декларацияси эълон қилинди ва Фаластин ерларига яҳудийлар кўчиб кела бошладилар.
Фаластинни жаҳоннинг 80 фоиз мамлакати тан олганига қарамай, АҚШ, Буюк Британия ва Франция бундай қилишни исташмади.
Ерлари Исроил истилоси остида қолаётган Фаластин халқи пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган ва ҳудуди Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ҳамда Ғазо секторини қамраб олган мустақил давлат учун курашни давом эттирмоқда.
Халқаро ҳамжамият, жумладан, БМТ фаластинликларнинг 1967 йилгача бўлган ҳудудда мустақил давлат тузиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва Фаластин-Исроил низоларига «икки халқ учун икки давлат» принципига асосан барҳам беришни истайди.
Бир йил аввал собиқ бош котиб Пан Ги Муннинг берган баёнотида айтилишича, Исроилнинг истило қилинган Фаластин ерларида яҳудий тураржойларини қуриши ва низога сиёсий йўл билан барҳам бериш борасида бирон қадам қўймаётгани «икки халқ учун икки давлат» принципи асосида зиддиятга чек қўйиш имкониятларини йўққа чиқаради.
Айни пайтда Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳам Исроилнинг Фаластин давлатига халақит бериш ва «икки халқ учун икки давлат» принципи асосида низога чек қўйиш масаласини кун тартибидан чиқариб ташлаш учун яҳудий тураржойларини қуришда давом этаётганини таъкидлади.
Шарқий Қуддус, Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи ва Ғазо сектори 50 йилдирки Исроил истилоси остидадир.

back to top