Россия патриархал черкови: Насронийлар Ал-Ақсо масжидининг сақлаб қолинишидан манфаатдор

Россия патриархал черкови: Насронийлар Ал-Ақсо масжидининг сақлаб қолинишидан манфаатдор

Рус православ черкови руҳонийси, воиз ва миссионер Андрей Ткачев «Сўнгги воқеалар муносабати билан насронийлар Ал-Ақсо масжидининг бузиб ташланиши ва ўрнига Сулаймон эҳроми қурилиши, бунинг ортидан эса Дажжолнинг келишини кутишлари керакми?» деган саволга жавоб берди.

«Бу кунларни ҳам кўришимиз мумкин, албатта. Чунки бир кун шундай бўлиши кафолатланган», – деди у. Лекин, унинг сўзларига кўра, дунёдаги бир ярим миллиард мусулмон – бу катта куч, ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий маънода. Шу сабабли ушбу масжидни бузиш осон эмас. «Масжидни кўп марта бузишга уринишган. Олти кунлик уруш натижасида Қуддус истило қилинганда, уни ўша заҳотиёқ зудлик билан бузиб ташламоқчи бўлишган, аммо Парвардигор бунга йўл қўймаган. Кейин унинг тагидан кавлаб портлатмоқчи бўлишди, сўнгра ёқиб юборишга уринишди, бу масжид бошига кўп балолар тушган», – насроний арбобнинг ушбу сўзларини «Царьград» канали келтирмоқда.
Аммо миссионернинг сўзларига кўра, бу дунёда банданинг эмас, Яратганнинг айтгани бўлади, шу сабабли насронийлар Ўзидан умид қиладилар. «Ҳайрон бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам айтаман – биз масжид ўз ўрнида қолишини истаймиз. Қуддус фақат яҳудийларнинг шаҳри бўлиб қолмаслигидан манфаатдормиз, акс ҳолда бизга у ерда жой қолмайди. Бизга Қуддусда ҳам яҳудийлар, ҳам мусулмонлар ва ҳам насронийлар яшагани фойдалироқ. Зиёратчиларимизга шаҳар эшиклари очиқ туриши ва масжидлар бузилмаслиги учун шуниси маъқул. Масжидлар бизга халақит бермаяпти. Биз учун энг муҳими динимизнинг муқаддас қадамжоси бўлган Қиём черкови («Инжил»да айтилишича, Исо Масиҳ дафн этилган ва қайта тирилган мақбара)дир, у бизники, насронийларники. Шу сабабли мусулмонлар Ал-Ақсо учун, насронийлар эса Қиём черкови учун дуо қилишларини истар эдик», – деб фикрини хулосалади руҳоний.
Аввалроқ энг қадимий черковлардан бири – Мисрдаги Қибтий православ черкови Вашингтоннинг Қуддус масаласидаги позицияси туфайли АҚШ вице-президенти Майкл Пенсни қабул қилишдан бош тортганди, деб хабар беради «РИА-Новости». Яқинда вице-президентнинг Қоҳирага ташрифи кутилмоқда. Қибтий черкови расмий вакилининг айтишича, «бу араб давлатларининг миллионлаб аҳолиси туйғуларини эътиборга олмаётган Америка маъмуриятининг Қуддус борасидаги қарорига жавобдир».

back to top