Уруш пайти Мавлид

Уруш пайти Мавлид

Украина жануби-шарқида узоқ вақтдан бери давом этиб келаётган қуролли зиддиятларга қарамай, Донецк шаҳри мусулмон жамоати ўз маданиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда ва анъанавий маърифий йиғинларни ўтказиб келмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Рабиъул Аввал – Муҳаммад соллаллоҳи алайҳи васаллам таваллуд топган ой муносабати билан жума куни Жоме масжидида бўлиб ўтди.
Донецк шаҳар мусулмон жамоати вакили Рашид Брагиннинг маълум қилишича, Рабиъул Аввал ойи муносабати билан мавлид тадбирлари ҳар йили ўтказиб келинади. Аммо масжид яқинида жанг ҳаракатлари тўхтамагани учун, сўнгги икки йил бу тадбир ўтказилмади. «Биздан бир километргина нарида снарядлар портлаб турган бўлса ҳам, бу йил масжидга қайтишга қарор қилдик», – деди Брагин.
Жума намозидан сўнг мавлидга юздан ортиқ инсон йиғилди. «Бизга Макеевка ва Горловкадан ҳам диндошларимиз келиб қўшилди», – таъкидлади Рашид Брагин. Тадбир давомида нашидлар айтилди ва фильм намойиш этилди. Донецк Жоме масжиди имом хатиби Рушан ҳазрат Тоиров сўнгги пайғамбар (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг маънавий сифатлари ҳақида сўзлаб берди.
«Меҳмонлар ҳам Расулуллоҳнинг таржимаи ҳолини, ул зотнинг Маккадан Мадинага ҳижрат қилгунларича ва ундан кейин бўлган воқеаларни сўзладилар. Ҳар ким ўзини қизиқтирган саволни бериш имконига эга бўлди», – таъкидлади Брагин. Тадбир миллий таомлар тортиқ қилиш билан якунланди.

back to top