Лавров Қуддус масаласи бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга ваъда берди
Россия ташқи ишлар вазири Фаластин муаммосини ҳал этишда муҳим жиҳатларни айтиб ўтди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қуддус бўйича музокараларни конструктив йўсинга буриш учун қўлидан келган барча ишларни қилишга ваъда берди.
«Айни босқичда биз Қуддус атрофидаги вазиятдан жуда-жуда хавотирдамиз ва музокараларни бошлаш ҳамда бундан кейин ҳал қилувчи онларда ҳеч кимнинг бир томонлама қарор чиқармаслигига эришиш учун вазиятни конструктив йўсинга буриш йўлида қўлимиздан келган барча ишларни қиламиз», – деди Лавров Фаластин пезидентининг ташқи сиёсий масалалар ва халқаро муносабатлар бўйича маслаҳатчиси Набил Шаъс билан бўлиб ўтган учрашувда.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда тўғридан тўғри музокараларга қайтиш муҳим вазифалардан биридир.
Шу билан бирга, Фаластин муаммосини ҳал этишда умуман фаластинликларнинг, хусусан, ХАМАС ва ФАТХ ҳаракатларининг бирлашуви муҳим аҳамиятга эгалигини Россия ташқи ишлар вазири алоҳида таъкидлади.



