Уйсиз билан бир дастурхонда Аллоҳ ҳақида суҳбат
Эфиопиялик қочқин аёл Йешиворк Меконнен фожиали тарзда ёниб кетган Гренфелл минорасига яқин жойлашган Лондоннинг ал-Минор масжидида ўзининг мураккаб ҳаёти ҳақида сўзлаб бермоқда. 31 ёшли аёлга масжиддан жой бермагунларича ўзини автобус кутаётганга солиб вокзалда ухлашга мажбур эди.
Ал-Минор масжиди West London Mission жамғармаси томонидан амалга оширилаётган уйсизларга ёрдам лойиҳасига бу йил қўшилди, дея хабар беради IslamNews сайти BuzzFeed нашрига таяниб. Ушбу дастур доирасида черковлар, синагоглар ва масжидлар уйсизларга бошпана бериб, уларнинг қорнини тўйдирадилар. Лондон масжиди ошхонасида иссиқ овқатлар тайёрланади ва турли миллат ҳамда эътиқодли кишиларни бир дастурхон атрофига жамлайди.
Гуруч ва товуқ, йогурт, ёпган нон – уйсизлар учун булар ҳақиқий зиёфатдир. Аллоҳ уйига меҳмонга келганлар ўзларининг мураккаб ҳаётлари ҳақида суҳбатлашадилар, маслаҳатлар олади.
Улар орасида Ливерпулда туғилган, Лондонга келгач ишсиз қолган 43 ёшли ошпаз Фил Стоун ҳам бор. Антисанитария шароитида яшагани учун Филнинг оёқларини бургалар чақиб ташлаган.
Ал-Минор масжиди маданий маркази директори Абдураҳмон Саиднинг сўзларига кўра, Гренфелл минораси июл ойида фожиали тарзда ёниб кетгандан бери масжид иссиқ бошпана ва егуликка муҳтож маҳаллий аҳолига ёрдам бериб келмоқда.
Саид масжидга келган уйсиз меҳмонлар билан бир дастурхон атрофида ўтириб, қўлма-қўл узатилаётган катта нондан бир бурда узиб олади. Ана шундан илиқ шароитда Лондоннинг қашшоқ инсонлари ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашади, дин ва сабр ҳақида суҳбатлар қуради.



