Фаластин озодлиги учун курашган довюрак қиз Аҳд Тамимий
Фаластинлик 16 яшар қиз Аҳд Тамимий Исроиллик аскарлар томонидан ҳибсга олинди. Ҳозир Тамимийнинг озод этилишини талаб қилиб, Исроилга нисбатан норозиликлар кучайиб бормоқда.
«Jerusalem Post»нинг хабарларига кўра, Аҳд Тамимий ҳибсга олинган куннинг эртасига – 20 декабр куни унинг озод этилишини талаб қилиб, Интернет тармоғида «Аҳд Тамимийга ОЗОДЛИК!» шиори остида курашлар бошланган. Ҳозирги пайтда бу ҳаракат тобора авж олмоқда.
Исроил аскарлари бир кун олдин Тамимийнинг Ғарбий соҳилдаги уйига ҳужум қилиб, уни ҳибсга олишди. Исроил суди эса уни қамоққа олиш муддатини ўн кунга узайтиришга қарор қилди.
Аҳд Тамимий 15 декабр куни уйининг олдида турган икки исроиллик аскарнинг адолатсиз хатти-ҳаракатларига норозилигини билдирган эди. Бу ҳаракат ёзиб олинган видеотасвир интернет тармоқларида тарқалди.
Тамимийнинг оиласи Ғарбий соҳилда Исроилга қарши фаолларидан ҳисобланади. Онаси Наримон қизи билан бирга қўлга олинган, Исроил ҳарбийлари уларни аскарларга ҳужум қилиб, одамларни қўзғолонга ундаганликда айблаган.
Маълумки, 6 декабр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилган эди. Шундан сўнг Фаластин ҳудуди Ғарбий соҳилида ва Ғазода фаластинликлар бу ишга қаттиқ қаршилик кўрсатишни бошлашди.
Тамимийнинг отаси Вашемнинг айтишича, қизи озодлик намойиши пайти Исроил аскарлари фаластинлик ёшларни ўққа тутишига йўл қўймаслик учун уларга қаршилик кўрсатган. Тамимийнинг 14 ёшлик укаси Муҳаммад эса намойишда иштирок этгани учун Исроил аскарлари томонидан резина ўққа тутилиб, жиддий жароҳат олган.
Исроил таълим вазири Наталие Беннет 16 ёшлик Аҳд Тамимийни озодлик учун курашлари эвазига «умрбод қамоқда қолиши керак» деган. Ҳамма иш аслида Трампнинг баёнотидан кейин бошланди. Оқибатда Фаластин ҳудудида 450 дан ортиқ айбсиз фуқаролар ҳибсга олинган.
This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
Бахтиёр Муҳаммад



