Ал-Ақсонинг ғарбий девори ёнида синагога пайдо бўлди

Ал-Ақсонинг ғарбий девори ёнида синагога пайдо бўлди

19 декабр куни Исроил ҳукумати истило қилинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо мажмуасининг Ал-Буроқ девори ёнида – яҳудийлар уни Ғарбий девор дейдилар – янги синагогани тақдим этди.

Синагога 12 йил давом этган қурилишдан сўнг очилди, дея хабар берди Исроил давлатининг «Ғарбий девор мероси жамғармаси».
«Ибодат залининг беқиёс бадиий безагида ноёб санъат намуналари билан ўзига хос чироқлар уйғунлашиб, қадимийлик ҳамда замонавийликнинг ғаройиб қонтрастини намоён қилади», – дейилади Жамғарманинг расмий маълумотида.
Сўнгги йилларда Шарқий Қуддусдаги Ислом институтлари Исроил-Фаластин можаросида энг низоли нуқталардан бири бўлмиш Ал-Ақсо масжиди остида Исроил ҳукумати томонидан олиб борилаётган қазиш ишларидан норозиликларини кўп бора маълум қилган эдилар.
Қуддус Олий исломий кенгаши раҳбари ва Ал-Ақсонинг собиқ имоми шайх Икрома Сабрий баёнот бериб, унда Ал-Буроқ девори масжиднинг ғарбий деворига оид бир қисм бўлиб, «Ислом меросининг бир бўлагидир» ва «Қиёматгача шундай бўлиб қолади» деган.
У Исроил истилочи ҳокимиятининг Қуддус маданий ёдгорликларига ҳаққи йўқлигини, янги синагога эса ҳеч қандай тарихий қийматга эга эмаслигини таъкидлади.
2016 йилнинг октябр ойида ЮНЕСКО яҳудийларнинг Истило қилинган Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига ва Ал-Буроқ деворига ҳар қандай алоқасини рад этувчи резолюция чиқарди.
6 декабр куни АҚШ президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилгач, ҳудудда таранглик кучайди. Вашингтоннинг бу қарорини халқаро ҳамжамият кескин қоралади.

back to top