Анқарадаги БАА элчихонаси жойлашган кўча номи ўзгаради
Анқарадаги БАА элчихонаси жойлашган кўча Усмонли саркарда номига ўзгартирилади.
Туркия пойтахти муниципалитети Анқарадаги БАА элчихонаси жойлашган 613-кўчани Фахриддин Пошшо номига ўзгартириш ҳақида қарор қилди.
«Анадолу» агентлиги тарқатган хабарга кўра, шаҳар муниципалитети раҳбари Мустафо Туна шундай қарор чиқарган. Қарор Анқара муниципиал кенгаши томонидан тасдиқланиши билан, кўчадаги пешлавҳалар ўзгартирилади.
Туркия ҳукумати БАА ташқи ишлар вазири Абдулло ибн Зайд Ал-Наҳяннинг Twitter да қолдирган нохолис ёзувидан хавотирда эканини билдирган эди. Вазир тарихга ўз номини Усмонлилар гарнозони саркардаси сифатида ёзиб қолдирган ва 1916–1919 йилларда Мадинани ҳимоя қилган Фахриддин Пошони тинч аҳолига нисбатан ҳарбий жиноятлар қилишда айблаганди.
Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Мадинани икки йилу етти ой ҳимоя қилган Усмонлилар армияси гарнизонининг қатъияти ва қаҳрамонлиги юксак эътирофга лойиқлигини айтган.
«Тарихни билмайдиган ва Мадина ҳимоясининг қаҳрамонлик саҳифаларидан бехабар жоҳиллар бу шаҳар ҳарбий гарнизони қўмондони Фахриддин Пошони аллақандай ўғри сифатида кўрсатмоқчилар. Бу жоҳиллар сурбетликни нефт долларларидан оладилар. Менинг аждодларим Мадинани ҳимоя қилаётганда сизникилар қаерда эди?», – деди Эрдўғон.
БАА мухтор вакили Туркия ТИВсига чақирилди.
Фахриддин Пошо томонидан бошқарилган Усмонлилар армияси гарнизони Антантага таслим бўлган сўнгги ҳарбий тузилма эди. 1919 йилнинг 10 январида Мадина британияликларга топширилди. Шу тарзда Биринчи жаҳон уруши амалда якун топди.



