«Ҳақиқий насроний» Рождество олдидан масжидни таҳқирлади

«Ҳақиқий насроний» Рождество олдидан масжидни таҳқирлади

Американинг Нью-Мексика штатида бир «ҳақиқий насроний» масжиднинг деворларига Рождество мавзусидаги ёзувлар ёзиб, уни таҳқирлади, аммо бошқа насронийлар бу адоватли хатти-ҳаракатни бартараф этишга уринди.

Кловис шаҳрида яшовчи Тони Поп эрталаб одатдагидек ишга кетаётиб масжид деворига қизил бўёқда ёзилган катта ёзувларга кўзи тушди. «Мен ҳар куни бу ердан ўтаман, эрталаб соат 7:30 эди ва табиийки, катта-катта қизил ҳарфлар билан битилган ёзувни ўқимаслик мумкин эмасди», – деб ҳикоя қилди Тони Поп. Бу ҳақида IslamNews сайти KRQEга таяниб хабар беради.
«Туғилган кунинг муборак, Исо Масиҳ! Ҳақиқий насронийдан» – масжид деворига шундай деб ёзилганди. Бино эшигига Америка президентининг номи – «Трамп» – деб ёзиб кетилганди.
Мусулмон жамоати масжид деворларини тозалаш учун ҳашар уюштирмоқчи эди. Аммо шаҳар маъмурияти бу вазифани ўз зиммасига олди. Махсус қурувчилик ширкати таклиф қилинди ва унинг ходимлари исломофоб характердаги ёзувларни ўчириб, деворнинг аввалги ҳолатини тиклаб берди.
Аксар шаҳарликлар Рождество арафасида динлараро фитна қўзғашга уринган номаълум вандалнинг ушбу ишини қоралади.

back to top