Қуддус ёлғиз эмас
Туркия президентиннг матбуот котиби БМТ БАдаги Қуддус масаласида овоз бериш якунларини шарҳлади.
Бош ассамблея Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олинишини қораловчи резолюцияни тасдиқлаш билан XXI асрда таҳдид, шантаж, истило ва бегоналаштириш сиёсатига йўл қўйилмаслигини аён ифода этди, деб ёзади Туркия президенти бош котиби Иброҳим Калин Daily Sabah нашри саҳифаларида.
«Қуддус ёлғиз эмас» сарлавҳали мақолада Калин БМТ БА қабул қилган ҳужжатда АҚШ номи тўғридан тўғри кўрсатилмаган бўлса ҳам, «Қуддуснинг мақомига доир яқинда қабул қилинган қарор бўйича чуқур афсус» ифода этилганини таъкидлади. Калин БМТ қарорларини ҳурмат қилишга ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келувчи қадамлардан воз кечишга чақирди.
Муаллиф БМТ БА резолюциясидан қуйидаги иқтибосни келтиради: «Муқаддас шаҳар Қуддуснинг характери, мақоми ёки демографик таркибини ўзгартиришга йўналтирилган ҳар қандай чора ва ҳаракатлар ҳуқуқий кучга эга эмас, ҳақиқий эмас ва бекор қилиниши керак».
«Вашингтон БМТ БА резолюциясини АҚШни Қуддус масаласи бўйича ҳуқуқий майдондан чиқариб ташлашига эътибор бермади. АҚШ вакиллари ҳатто бевосита овоз бериш олдидан ҳам пўписа ва таҳдидлардан ўзларини тия олмадилар. Бу ҳодиса Америка дипломатияси тарихига қора доғ бўлди», – деб ёзади Туркия раҳбарининг матбуот котиби.
Муаллиф Исроилни очиқ қўллаши туфайли АҚШ Исроил-Фаластин тинчлик музокараларида воситачилик мақомини йўқотганига, шунингдек, Вашингтоннинг Ислом дунёси олдида обрўсига путур етганига ишора қилади.
Калин АҚШ ушбу вазиятни текислаш учун Шарқий Қуддусни Фаластин пойтахти деб тан олиши кераклигини таъкидлайди.
«Воқеликдан фойдаланиб Фаластин-Исроил зиддиятини адолатли ва тинч йўл билан бартараф этиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш лозим. Жаҳон ҳамжамияти Фаластин халқини ва унинг тинчлик, эркинлик ҳамда хавфсизликка эришиш истагини қўллаб-қувватлаши керак», – дейилади мақолада.
Туркия президенти матбуот котиби Европа Иттифоқи ва Ислом ҳамкорлик ташкилотини Яқин Шарқда фаол амаллар қилишга чорлади: «Муқаддас заминдаги тинчликка элтувчи йўл Фаластин ерлари истилосига барҳам бериш орқали ўтади».



