Индонезиялик қандолатпазлар Рождество қутловини ёзишдан бош тортдилар
Chocolicious Indonesia қандолат дўконларидан бирида Рождество билан қутлашга оид буюртманинг бажарилмагани ижтимоий тармоқларда қизғин баҳсларга сабаб бўлди.
Гап Индонезиянинг Жанубий Сулавеси штати пойтахти Макассар шаҳридаги дўкон ҳақида кетмоқда. Мижоз «Selamat hari Natal keluargaku», яъни «Оиламга Рождество муборак бўлсин» деган ёзувни торт устига ёзиб беришни сўраган. Дўкон эса буни рад этган, чунки унинг барча хизматчилари мусулмон бўлиб, бу иш уларнинг эътиқодига тўғри келмаслигини айтган.
Воқеа кенг мунозарага сабаб бўлди. Қандолат дўкони ўзининг Инстаграмдаги саҳифасида норози мижозларидан узр сўрагани ҳолда, дўкон эгалари ва ходимларининг эътиқодга оид туйғуларини ҳурмат қилишни илтимос қилган.
Эълон 3400 лайк ва 10 000 дан ортиқ шарҳ тўплаган. Шарҳлар дўкон эгаларини қўлловчи ҳамда уларни тоқатсизликда айбловчи қарама-қарши мазмунга эга.
Таъкидлаб ўтамиз, яқинда америкалик насроний қандолатчи Жек Филлипс ҳам шундай вазиятга тушганди. Қандолатчи содомчи мижозларнинг буюртмасини эътиқоди туфайли рад этганди. Энди мажбурий тоқатлилик тарафдорлари қатъиятли насронийга ОАВ ва судлар орқали босим ўтказиб, унинг қандолат бизнесини синдирмоқчилар.



