Татаристон мусулмонлари ичкиликбозлик билан курашнинг ўзига хос йўлини топишди
Мусулмон журналисти ва блогери Расул Тавдиряков ўқувчилари билан қизиқ маълумотни ўртоқлашди.
Татаристоннинг Сабин туманида аҳоли оддий дўконлардан спиртли ичимликлар ва тамакининг йўқолиб, «Ҳаром» номли махсус дўконлардагина сотилишига эришдилар.
Табиийки, айрим фойдаланувчилар «Зино» номли сауна ва «Рибо» номли банклар очилишини кутаётганликларини айтиб, ҳазил қилдилар. Аммо аслида бундай маҳсулотларга буткул тақиқ қўйиш имкони йўқ шароитда мазкур усулни ҳам соғломлаштирувчи, ҳам тарбияловчи чора сифатида қабул қилиш мумкин. Ҳар нима бўлганда ҳам, разиллик ўз номи билан аталган ва мўмин инсонлар болаларини етаклаб борадиган жойлардан қувиб чиқарилган.
Таъкидлаб ўтамиз, худду шундай махсус дўконлар БАА ва бошқа қатор мусулмон давлатларида мавжуд бўлиб, у ерга мусулмонларнинг кириши мумкин эмас, чунки чўчқа гўшти ва спиртли ичимликлар сотилади.
Фақат бир нарса ўйлантиради, Татаристонни мажбурий руслаштириш шароитида Москва Кремли ва «Рус дунёси» тарафдорлари жойларда бундай дўконларни яратиш масаласига панжа орасидан қарашлари эҳтимоли юқори. Яқин вақтларда Россия телеканалларида янги «ваҳобийлик ўчоқлари» пайдо бўлгани ҳақида хабарлар чиқиши ва кетидан прокуратура текширувлари бошланишини тахмин қилиш мумкин.



