Дамашқ: Тун тартиби

Дамашқ: Тун тартиби

Баъзи умидларини узиб бўлган араб пешволари эса Суриядан ўз элчиларини чақириб олган ва тузум дарҳол ўзгаришини талаб қила бошлаган. Суриянинг аввалги иттифоқчилардан фақат Россия, Эрон ва Хитой қолди. Аммо энг ажабланарлиси шуки, Сурия қўзғолони давомида кўп нарсалар ойдинлашиб бормоқда. Сурия давлати ва халқининг аввалги ашаддий душмани бўлган Исроил Асад режими сақланиб қолишидан энг кўп манфаат кўрадиган томонга айланди.

Асад режимидан ҳатто Фаластиннинг ХАМАС ҳаракати ҳам юз ўгирди. Эслатиб ўтамиз, Сурия узоқ вақт давомида ўзини Исроилнинг араб дунёсидаги энг ашаддий душмани сифатида кўрсатишга уринар эди. Ҳақиқатдан ҳам у бир вақтлар фаластинликларни қўллаб-қувватлаб туриш учун кўп ишларни амалга оширган. Ҳатто ҳеч қайси араб мамлакати Фаластин жангариларининг бошлиқларига бошпана беришга рози бўлмаган вақтда ХАМАСнинг штаб-квартираси айнан Дамашқда жойлашган эди. Аммо, куни кеча “Ал-Ҳайят” газетаси хабар беришича, ХАМАС ўзининг Дамашқдаги идораларини ёпган. ХАМАС ҳаракатнинг жанггари қаноти ҳам Сурияни тарк қилган ва уларнинг жамлоқлари (лагер) Фаластиннинг Ғазо қитъасига (сектор) кўчирилган. Шундай қилиб, араб пешволари олдида устунликни намойиш қиладиган ва ўзини фаластинликларнинг ягона ҳимоячиси қилиб кўрсатадиган Асаднинг сўнгги таянч нуқтаси ҳам қўлдан бой берилди.

 Бу орада Асад режимига ҳарбий ва сиёсий босим кундан кунга кучайиб бормоқда. Февралнинг энг сўнги куни CNN телеканалининг араб тилидаги вебсайти Пентагондаги манбаларига таянган ҳолда ахборот беришича, АҚШ мудофаа вазирлиги Сурия режимини ҳарбий йўл билан ағдариш учун “мукаммал режа” ишлаб чиққан эмиш. Ўша хабарда яна айтилишича, Тунис ҳукумати Башар Асад ва унинг оиласига сиёсий бошпана беришга ҳам гўёки тайёр экан. Ҳар ҳолда хабарнинг бу қисмини Тунис президентининг матбуот котиби расман тасдиқлади.

Бундай вазиятда Асад режими ҳақида Исроилдан ажабланарли сигнал ва изоҳлар келмоқда. Кнессет депутати Саид Нафаа «Кол Исраэл» радиосида айтишича, Сурияда фуқаролар уруши бошланмоқда экан ва президент Башар Асад режимига “қора кучлар” қарши чиққанмиш. Друз жамоасининг вакили бўлган мазкур парламент аъзосининг айтишича, Асад режими “авлиё эмас”, аммо Сурия халқи номидан гапирмоқдамиз, деганларнинг барчасига ишонавермаслик керак. “Сурия халқи яқинда бўлиб ўтган референдумда ўз сўзини айтди”, деб таъкидлаб қўйди у.

Бундай ҳатти-ҳаракатлар Исроилнинг Асад режими сақланиб қолиши лозимлиги бўйича қилган энг камтарона баёнотларнинг биридир. Аслида эса яҳудийларнинг АҚШда катта таъсирга эга бўлган лоббиси Вашингтондан Асадни ағдармаслигини деярли ёлвориб сўрамоқда. Чунки Асад ағдарилгач унинг ўрнига исломий кучларнинг келиши Тел-Авивни чўчитмоқда.

Правда.ру сайтида ёзилишича, “Тел-Авивга нисбатан душманлик кайфиятида бўлган ҳозирги Суриядаги режимнинг ҳатти–ҳаракатларини олдиндан башорат қилса бўлар эди. Бироқ ҳукуматга радикаллар келса мамлакатда алғов-далғовлик (хаос) ҳукмрон бўлади, бу эса Исроил-Сурия чегарасида кутилмаган тартибсизликларни келтириб чиқариши мумкин ва ҳатто чегара атрофидаги яҳудий шаҳарлари оммавий ўққа тутилиши мумкин. Бундай шароитда ҳам Бинямин Нетаняху Суриядаги вазият тез ечилиши учун шошаётгани йўқ, бу эса минтақа учун кутилмаган оқибатларни юзага келтириши мумкин”.

Исроил учун араб дунёси бўлинган ҳода қолгани яхши. Албатта, Исроил бутун дунёни Асаддан кейин Дамашқ ҳокимиятига “радикал исломчилар” ва “Ал-Қоида террорчилари” келиши билан қўрқитади. Бироқ, аслида Исроил Дамашққа радикаллар эмас, балки “ихвончилар”га яқин мўътадил кучлар келишини жуда яхши билади. Тел-Авив учун ҳукуматга радикаллар келиши қандайдир даҳшатли туш эмас. Балки, аксар араб мамлакатларида бир-бирига руҳан яқин кучларнинг келиши ва бундай ҳолатда Фаластин халқининг курашини қўллаш орқали Исроилга сиёсий босим ўтказиши даҳшатлироқдир. Шунинг учун Исроил араб дунёсининг сиёсий тарқоқлигидан манфаатдор. Улар Асадни “ихвончи”ларга қарши, радикалларни мўътадилларга қарши, мўътадилларни эса радикалларга қарши, дунёвийларни исломийларга ва исломийларни эса дунёвийларга қарши қўллаб-қувватлашга доим тайёрдирлар. Фақат араб дунёси орзу қилаётган бирлик бўлмаса бўлди.

Буни мухолиф “Сурия озодлик армияси”нинг юқори лавозимли вакилининг гаплари ҳам тасдиқлайди. Ўзини Камол деб таништирган армия зобитининг айтишича, Башар Асад режими ағдарилмаётганининг бош сабабчиси Исроилдир. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатлари Суриядаги воқеаларга аралашишга шошмаётганининг сабаби Асадсиз Сурия Исроилга хавф солиши мумкинлигида.

Бундан ташқари, Исроил оммавий ахборот воситалари Россиянинг Башар Асад режимини сақлаш учун қилаётган ҳаракатлари тўғри қарор экани ҳақидаги мақолаларни чоп эта бошладилар. Олег Орловский исмли кимса бу ҳақда очиқчасига ёзади: “Либия воқеаларида бўлгани каби, Исроил мантиқан Россия ва Хитой билан бирга бўлиши керак эди”. Унинг сўзларига кўра, Башар Асад режими кичкина ва ўта заифдир. “Бугунги Сурия мухолафатининг аксар қисми Асадни исроилпараст сиёсатчи эканини айтиши қизиқдир. Нега дейсизми? Чунки у очиқчасига “сионист душманга” қарши чиқа олмайди”, деб ёзади у.

Инсоф билан айтилса, инқилоб ҳаракатлари жадаллашган сайин Асаднинг ҳамтовоқлар доираси ҳам торайиб, ҳам ғалатлашиб бормоқда. Бундай кўриниш эса араб сунний дунёсида пешволикка даво қилаётган сиёсатчи учун қабул қилиб бўлмайдиган ҳолатдир. Зеро Асад ҳеч қачон суннийлар орасида обрўсини оширишга жиддий равишда уринмаган.

Суриянинг исталган шаҳрида деярли ҳар учинчи автоуловда шиа учлиги бўлган Башар Асад, Маҳмуд Аҳмадинижод ва Ҳизбуллоҳ пешвоси Ҳасан Насруллоҳ расмларини кўришингиз мукин. Бу расмларга қўшни мамлакатнинг бошлиғи тўртинчи портрет бўлиб қўшиладими ёки йўқ, яқинда билиб оламиз.

Сиёсатшунос Руслан Қурбонов мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top