Золимга қарши кураш: Сурия

Золимга қарши кураш: Сурия

“Ал-Ҳақ” деб номлаган бу гуруҳнинг 71 аъзоси бор. Уларнинг деярли барчаси Калашников автомати ва бир неча пулемётлар билан қуролланган. Ток генератори чиқарган қувват сунъий йўлдош “ликобчаси” орқали хорижий телеканалларни томоша қилишга ва Туркия орқали интернетга чиқиш имкониятини беради. Шу тариқа Дамашқ айғоқчиларига чап бериш мумкин. Улар айтишларича, ҳукумат армиясидан қочган аскарлар ўзларини эркин ҳис қилишлари учун ўтган йил Либиянинг Бенғозисида бўлгани каби “эркин ҳудуд” ташкил қилишмоқчи.

“Сурияда, - деб тушунтиради жангчиларнинг бири Абу Холид, - бундай имконият ҳали йўқ. Режимдан қочмоқчи бўлганлар оиласи қатл қилинишидан ёки қийноқларга дуч келишдан қўрқмоқдалар”. Ўтган йили Дароанинг бир неча ўсмирлари Асадга қарши айтган сўзлари учун ҳибсга олиниши ва қийноқларга тутилиши билан бошлаган оммавий норозилик намойишлари давом этаётганига бир йилдан ошди. “Араб баҳори” деб номланган инқилоб минтақадаги тузумларни бирин-кетин ағдараётганида, Асад исённи шафқатсиз бостиришга киришди. БМТ маълумотларига кўра, Асаднинг ҳарбийлари исённи бостириш чоғида 10 мингдан ошиқ одамни ўлдириб ташлаган. 1982 йилда Асаднинг отаси Ҳофиз Асад ҳам худди шу йўл билан Сурияни қонга ботирган эди.

Шунга қарамай, мунтазам қўшинлардан бир неча баробар заиф бўлган исёнчилар таслим бўлмоқчи эмас. Ушбу деярли қуролсиз ва чорасиз армия Асад режимига қарши турар экан, ўзини Сурия ҳукумати ва унга мухолиф бўлган халқни ажратган ягона нозик тўсиқ, деб билади.

Бу ҳафта ҳам Сурия армияси исёнчи шаҳарларни бомбардимон қилишни давом этди. Сўнгги бир неча кун ичида Хомс, Хом ва Растонда ўнлаб фуқаро ўлдирилди, деб хабар қилади маҳаллий фуқаро қўмиталари. 

Президент Асад исёнчиларни Сурия халқи эмас, балки хорижий мамлакатлар қўллаб-қувватлаётган “каллакесарлар” ва “террорчилар”, деб атаган. Бироқ Озод Сурия Армиясининг аъзолари ўз қишлоқларини тарк этмай буларнинг бари туҳматли тарғиботдир, дейишмоқда. “Биз тинч йўл билан бошлаган эдик. Биз бундай бўлишини сира истамаган эдик, бизни ҳукумат бунга мажбур қилди”, дейди ғорда йиғилганларнинг бири Абу Маҳмуд.

Идлиб – унча баланд бўлмаган тоғлар, тепаликларга ястаниб ётган, қишлоқ хўжалигига асосланган ва қуёш нурига ғарқ бўлган Туркия билан чегарадош вилоятдир. Қишлоқ тошлардан қурилган уйлардан ташкил топган. Аҳоли асрлар давомида боғларда мевалар ва атиргуллар ҳамда атрофдаги ерларда помидор ва зайтун етиштириш билан шуғулланган. Болалар ҳеч нарса бўлмаётгандек ўз ўйинлари билан овора, чўпонлар эса эчки подаларини йўл бўйлаб ҳайдамоқдалар.
5 минг йиллик кўҳна цивилизация қолдиқлари бўлмиш қадимги Рум йўллари, мажусийлар қабристони ва византия черковлари “ўлик шаҳар”ларда учраб туради.

Декабр ойида Асад “қуролланган террорчиларни” бостириш учун бу ерга ўз аскарларини юборган эди. Amnesty International ташкилотига Идлиб аҳолисининг айтишича, танклар ва зирҳли автоуловлар водийнинг тепа қисмидан ўтган йўл бўйлаб терилган ва одамларга аслаҳалардан, пулемётлардан ва ракета отиш мосламаларидан ўқ узган. Мазкур халқаро ташкилотнинг маълумотларига кўра, суриялик ҳарбийлар исёнчиларга ён босган ўнлаб одамларни қатл қилиб ташлаган. Юздан ортиқ уйлар эса ёқиб кул қилинган.

Минглаб одамлар чегара томон қочди, бироқ қолганларнинг сони ҳам кўп. Шундан сўнг одамлар тинч намойишлар наф бермаслигига ақллари етиб, қуролланган қаршилик кўрсата бошлаганлар. Бу қаршилик ҳаракати Сурия армиясини тарк этганлар, намойиш қатнашчилари ва “Мусулмон Биродарлар”идан ташкил топган.

Ҳаво иссиқ бўлганидан кока-кола ичаётган исёнчиларнинг баъзилари фуқаро кийимида, баъзилари йиртиқ ҳарбий кийимда. Оддий фуқаролар автоуловларида ўз қишлоқларини қўриётган баъзилар юзларини рўмоллари билан яширадилар. Қишлоқлар орасида тошлардан кўтарилган тўсиқлар (баррикада) Асаднинг қўшинларига тўғоноқ бўлмоқда. Баъзи тўсиқлар ёнига текширув пунктлари ўрнатилган. Бу пунктлар Сурия мухолафатининг байроғига мувофиқ яшил ва қора рангга бўялган.  “Ҳалигача ҳарбийлар бу ерларга бурун суқмадилар, шунинг учун одамлар ҳозирча хавфсиз”, дейди 38 яшар савдогар Абу Холид. У ҳаётининг аксар қисмини хорижда – Саудия Арабистонида яшаган ва инқилоб ҳаракатлари бошланганда ватанига қайтиб келган.

Исёнчиларнинг айтишларича, улар режим танкчиларию аскарларига билдирмасдан бир неча қишлоққа бориб келишлари мумкин. Улар Туркияда сотиб олинган қисқа тўлқинли радиолар ёрдамида йўлларни қўримоқдалар. Баъзилар қуролларини яшираётгани йўқ. Улар қишлоқлардан ўтар экан, маҳаллий аҳоли уларни хурсандчилик билан кутиб олади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, исёнчилар тармоғи ҳозирча аҳолига чекланган равишда хавфсизлик таъминласаларда, оғир аслаҳа ёки танкларга қарши кучсиз эканликлари аён. Бундай ҳолатда уларнинг қўлидан келган ягона ёрдам одамларни огоҳлантириш ва уларнинг қочишларига қанчадир вақт ютиб беришлари мумкин холос.

Идлибдаги исёнчиларга қурол-аслаҳа етишмаётгани ойдин. Автоматлар эски, ҳукумат ҳарбийлари фойдаланган ҳарбий оёқ кийим ёки бронежилет аҳолида йўқ. Уларнинг айтишларича, хорижий мамлакатлардан ҳеч қандай ёрдам келмаган.

Назорат-ўтказиш пунктларининг бирида чодир ичида бир гуруҳ эркак чой ичмоқда. 
Улар ҳар бир ўтган автоуловни текширадилар, бироқ Асад кучлари ҳужумга ўтса уларнинг қўлларидан ҳеч нарса келмаслигини тан оладилар. “Бизга кўпроқ қурол-аслаҳа керак”, дейди Абу Умар. Март ойида бир неча араб мамлакати, хусусан Саудия Арабистони Озод Сурия армиясига қурол-аслаҳа юборишни ваъда қилган эди. Бироқ “Ал- Ҳақ” гуруҳи ҳали ҳеч нарса олмади.
Асадга қарши исён кўтарганларнинг вакиллари турли хил араб мамлакатларининг пойтахтларига ва ҳатто Вашингтонга ҳам ёрдам сўраб борганлар.

“Ҳеч қандай ёрдам йўқ”


Абу Холид гуруҳининг аъзолари қандай қуролларга эга бўлганини гапириб бердилар. Генераторни жангдан сўнг ҳарбий базада ўлжа олганлар. Сунъий йўлдош антеннаси эса Туркиянинг Хатай бозоридан сотиб олинган. Радиостанция ва рациялар узоқ Истамбул бозорларидан олиб келинган. “Ҳеч қандай ёрдам йўқ – на АҚШдан ва на бошқа мамлакатдан, - дейди Абу Ҳолид.

- Биз фақат сўз билан айтиладиган ёрдам керак эмас, бизга қурол-аслаҳа билан бериладиган ёрдамга муҳтожмиз”. Уларнинг айтишларича, қурол асосан пулга ўч режим аскарларидан сотиб олинган. Баъзилари турк мафиясидан харид қилинган. Қора бозорда Калашников автоматининг нархи 4 минг доллар атрофида. Яқинда Туркияга яқин қишлоқларнинг бирида ўндан ошиқ ўсмир масжид олдига йиғилиб, ҳукуматга қарши сўзларни айтган ва Асад суратларига ўт қўйган. Қишлоқ оқсоқоллари эса яқин орада тамаки чекиб, шарбатларни ичиб ўтиришибди. Улар Озод Сурия Армияси уларни ҳимоя қила олишига унчалик ишонмайдиган кўринади. 

“Ҳозир улар Хом ва Идлибда, - дейди ҳукумат кучлари ҳақида Абу Аҳмад, - бироқ улар бу ерга ҳам келадилар. Бу қишлоқ аҳолиси доим хавф-хатар ичида”.

Яна қанча жанг қилиш кераклиги ҳақидаги саволга исёнчилар жавоб бера олмади.
“Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг қўлидадир. Биз билмаймиз. Дунё эса бу ерда бўлаётган нарсалардан ва Асад қилмишларидан юз ўгирди”, дейди USA Today корреспондентига Абу Маҳмуд.

Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади

back to top