«Фаластин менинг юрагимда яшайди»

Македониялик шоир ўз ижоди орқали фаластинликлар муаммосига эътибор тортмоқчи.
Фаластин менинг қалбимда яшайди, дейди македониялик шоир Панде Манойлов. Шоир, ёзувчи, танқидчи ва журналист Панде Манойлов жаҳоннинг турли мамлакатларидаги кўплаб сиёсатчилар ва жамоат арбоблари қатори Фаластин аҳолисининг ҳуқуқлари ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшишга уринмоқда.
Македониялик шоир ўз ижоди орқали Фаластинда яшовчи аҳолининг муаммоларига, бу ернинг узоқ вақтдан бери истило этиб келинишига эътиборни тортишга интилмоқда.
«Анадолу» агентлиги билан суҳбатда шоир ижтимоий тармоқларга Фаластин ҳақида шеърлар жойлаштираётгани ва шу орқали бутунжаҳон тўри фойдаланувчиларининг диққатини фаластинликлар муаммосига тортмоқчи эканини айтди.
Шоирнинг таъкидлашича, Фаластин ҳақидаги илк шеърини 1982 йилда ёзган эди, унинг Ливандаги фаластинлик қочқинлар лагерьлари ҳақидаги таъсирли шеъри эса араб тилига таржима қилинган ва халқаро эътирофга сазовор бўлган.
«Фаластинда бўлаётган ишларни кўриб қўл қовуштириб ўтиролмайман. Фаластин байроғини кўтариб олган инсоннинг қатл этилиши ёки 16 яшар қизалоқнинг ҳибсга олинишига жим қараб туролмайман. Уларнинг бор айби Фаластин байроғини кўтариб юргани эди. Фаластинликларнинг оммавий қирғин қилинганини унута олмайман», – деди Панде Манойлов.