Мурсий ва ҳарбийлар "сўнгги соат"га ҳозирланмоқда
Чоршанба куни Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳаётининг эвазига бўлса ҳам конституцион ҳуқуқни ҳимоя қилажагини айтди. Туннинг ярмида намойиш этилган президентнинг телевизион мурожаатида у бир нечта босқичдан иборат сайловлар натижасида эришилган демократик тамойиллардан чекиниш Мисрни хавфли йўлга олиб киришини айтди.
"Қонунийлик сақланишининг баҳоси - менинг ҳаётим", деди президент ўзининг ҳаяжонли чиқишида. - Қонунийлик мамлакатни сақлаб қолишнинг ягона кафолатидир”.
Шундай бўлишига қарамасдан армия генераллари қўйган талаб (ултиматум) тугашига оз вақт қолди. Ҳарбийлар Мурсийдан мухолифатни ҳам ҳукуматга қўйишларини талаб қилишди. Агар талаб бажарилмаса, қонуний ҳукуматни ағдариш ва конституцияни бекор қилиш билан пўписа қилдилар.
Мухолифат тарафидан ташкил қилиниб, президент Мурсийнинг истеъфосини талаб қилаётган намойишлар Қоҳира марказида ва бошқа шаҳарларда уч кундан бери тўхтаётгани йўқ.
Мурсийни президентликка тавсия қилган "Ихвонул муслимин" оффислари ҳамда ҳаракат аъзоларига уюштирилган ҳужумлардан сўнг президент тарафдорлари ҳам оммавий равишда кўчаларга чиқа бошлашди.
Натижада, учта одам ҳалок бўлди ва 97 таси эса хавфсизлик кучлари ва президент тарафдорлари орасида бўлиб ўтган тўқнашувлар чоғида жароҳат олишди. Гувоҳларнинг айтишича, хавфсизлик ходимлари ўқотар қуроллар ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланишган.
Қонли тўқнашувларни тўхтатиш учун мамлакат раҳбари телевидение орқали: "Биз, бир-биримизга жиҳод эълон қилмаймиз, биз фақат ташқи душманларга қарши жиҳод қиламиз", деди.
Мисрликларни олдинги авторитар режим қолдиқлари, “ички душманлар” ва коррупцияга ботган мансабдорларнинг ёлғонларини тингамасликка чақираркан: “Алданманглар. Бу тузоққа илиниб қолманглар. Ўз инқилобингизни уларга ўғирлатиб қўйманг”, деди у.
Ҳарбийлар қон тўкишга ҳам тайёр
Душанба куни Армия генерали Абдул Фаттоҳ Сиссий Мурсийга мухолифат билан муроса қилишга 48 соат муҳлат берди. Акс ҳолда, унинг сўзига кўра, ҳарбийлар аралашиб мамлакат келажаги учун ўзларининг режалари асосида иш кўрар эмиш.
Ҳарбийлар вакилининг сўзига кўра, қуролли кучлар чоршанба куни кечгача, яъни талаб муддати (ултиматум) тугагунича президентнинг баёнотларига изоҳ бермайди.
Бироқ, президент чиқишидан уч соат ўтиб ҳарбийлар Фейсбукдаги қуролли кучларнинг олий кенгаши саҳифасида "Сўнгги соат" номи билан баёнот эълон қилдилар. Унда ёзилишича, улар ҳам Миср халқини "террорчи, радикал ва аҳмоқлардан" ҳимоя қилиш учун ҳаётларини қурбон қилишга тайёр экан.
Ҳарбий манбаларнинг "Рейтер"га хабар беришича, генералларнинг талаблари қондирилмаса улар ўзларининг амал дастурини тайёрлаб қўйишган экан. Бу дастурга манфаатдор сиёсий партиялар билан ҳамкорликда қўшимча киритилиши, қайта ишлаб чиқилиши мумкин экан.
Бу дастурга кўра, армия муваққат кенгаш тузадилар. Бу кенгашга турли хил сиёсий партия вакилларидан иборат фуқаролар аъзо бўлишади. Улар янги “тўғирланган” конституция лойиҳаси тақдим қилингунча мамлакатни бошқарадилар.
Сўнг эса, янги президентлик сайловлари бўлиб ўтади, парламент сайловлари эса, номзодларни танлашнинг қатъий шартлари ишлаб чиқилгунга қадар кечиктирилади, дейди манбалар.
Армия ўзига тегишли бўлмаган ишга аралашмоқда
Ҳозир иқтидорда бўлган Озодлик ва Адолат партияси ҳам ҳарбийларнинг режасини танқид қилди. “Фақат Миср халқигина яқинда ўзлари қабул қилган конституцияга мувофиқ ўз келажагини белгилай олади. Албатта, қандайдир партия, ташкилот ёки уюшма халқ иродасига қарши бориб, ўзларича қандайдир “йўл харитасини” ишлаб чиқа олмайди”, деб айтилган уларнинг матбуот учун тарқатган баёнотида.
“Барча демократик мамлакатларда амриянинг асосий вазифаси чегарларни қўриқлаш, ташқи хафвни бартараф этиш ва хавфсизликни таминлаш бўлган. У сиёсий ҳаётга аралаша олмайди, хатто ҳакам ё далол сифатида ҳам. Сиёсий кучлар орасидаги ҳакам бу халқдир, улар овоз бериш йўли билан жараёнга таъсир қила оладилар. Армия халқ сайлаган президент тарафидан қўйган вазифаларни бажаришлари керак”, дейилади “Ихвонул Муслимий” ҳаракатининг интернет саҳифасида.
Армия сўнгги кунларда ҳарбий тўнтаришга тайёргарлик кўриб келгани очиқ кўриниб қолди. Хусусан, 30 июнда бошланган Қоҳиранинг Таҳрир майдонидаги намойишлар тўлқини душанба, 1 июлга келиб анча пасайган эди. Лекин армия вертолётлари Таҳрир ва бошқа мухолифлар йиғилган майдонлар устидан учиб, уларни суратга олиб, намойишчиларга Миср байроқларини тарқатди. Бу худди "Биз Сиз билан биргамиз", деган мужда бўлиб, шундан кейин мухолиф намойишчилар ўз мавқеъларида янада қатъий туришга бел боғладилар. Айни шу вақтда армиянинг ултиматуми эълон қилинди.
Энг сўнги хабар
Мақолани тайёрлаётганимизда ҳарбийлар Президент Мурсийни лавозимдан озод қилгани ҳамда мамлакат конституциясини бекор қилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Президент Мурсий қуролли ва мухолиф кучлар тарафидан олға сурилган "йўл харитаси"ни ва мамлакатда рўй бераётган ҳодисаларни ҳарбий тўнтариш, деб айтди. Унинг сўзлари Фейсбукдаги президентга тегишли саҳифаларида эълон қилинди.
"Мен президенти сифатида барча мисрликларни бу ҳарбий тўнтаришга тинч йўллар билан қарши туришга чақираман", деди у ҳамда - ушбу "йўл харитасини" ишлаб чиққанлар бу ишга ҳеч қандай ваколатлари бўлмаган. Демак у ноқонунийдир”.
Қибтийлар черкови патриархи Теодорос II ва Ал-Азҳар университети шайхи Аҳмад Тойиблар ҳам Мисрнинг ҳарбий кучлари тарафидан тақдим қилинган сиёсий инқироздан чиқиш режасини қўллаб-қувватлашган. Папа Теодорос барча қарорлар Миср халқи ва унинг келажагига бўлган муҳаббат учун қабул қилинганини айтди.
Сурия президенти Башшар Асад: "Мисрда "сиёсий ислом" номи билан айтиладиган нарсанинг ҳалокати рўй берди. Сиёсий мақсадлар ёки қайсидир бир гуруҳ манфаатлари учун диндан фойдаланадиганлар қайси ерда бўлмасин, албатта ағдарилади", деб айтгани бир нечта ОАВ иқтибос қилишмоқда
Айни вақт Мисрда бебошлик ҳукмрон сурмоқда, воқеалар ривожи қандай тусга киради башорат қилиш жуда қийин.
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади



