Урдун қироли “араб баҳори” қурбонига айланадими?

Урдун қироли “араб баҳори” қурбонига айланадими?

Бироқ, бу “Иҳвонул муслимийн”га оз кўринди. Улар давлат тузумини бутунлай ўзгартиришга ҳаракат қилишмоқда. Унга кўра, қирол номигагина, яъни, фақат тимсолий вазифалар билан чекланади. Ҳақиқий ҳокимият эса, демократик йўллар билан сайланган Бош вазирга ўтади. Аммон режимининг бу тарзда ўзгариши Яқин Шарқ сиёсий кўринишини бутунлай ўзгартириб юборади. Бу ўз навбатида АҚШ ва Исроил учун салбий оқибатларни келтириб чиқаради.
Яқин кунларгача Урдун минтақадаги энг барқарор жой ҳисобланарди. Абдуллоҳ II нинг АҚШ, Форс кўрфазидаги қиролликлар ва Исроил билан муносабатлари ижобий эди. Мамлакатдаги энг йирик “Иҳвонул муслимийн” мухолифат ҳаракати ва аҳолининг кўп қисмини ташкил қиладиган фаластинликлар, шу вақтгача қирол ҳукуматига очиқчасига қарши бормаётганди. Аммо “араб баҳори” келиши билан вазият тубдан ўзгарди.

Тунис ва Мисрда бўлиб ўтган инқилоб таъсиридан Урдун мухолифат гуруҳлари доим норозилик намойишларини ўтказиб туришга ҳаракат қилиб келади. Бундай намойишларга энг кўп аъзога эга ва бошқаларга нисбатан яхши ташкиллашган “Иҳвонул муслимийин” бошчилик қилмоқда. Улар конституцион монархия бўлишини талаб қилишмоқда. Агар уларнинг талаби амалга ошса ҳақиқий ҳокимият қиролдан сайловларда ғолиб бўлган партия тайин қилган Бош вазирга ўтади. Ҳозир Бош вазирни Абдуллоҳ II тайинлайди, лекин бу мухолифатга маъқул эмас.

Эркин сайловлар ўтказилган тақдирда “Иҳвонул муслимийн” пешволари учдан икки овозга эга бўлишлари мумкин. Қирол вазиятни чигаллаштирмаслик учун ён босишга мажбур бўлди. У парламентни тарқатиб юборди ва кейинги сайловлар янги қоидлар асосида ўтишини эълон қилди. Масалан, сиёсий партиялар энди Вакиллар палатасида 17 ўрин эмас, балки 27 ўринга эга бўлиши мумкин (парламентнинг қуйи палатасида 120 депутат бор, қолганлари эса округдан сайланади. Аёллар, диний ва миллий озчилик вакиллари учун ҳам квоталар мавжуд). Қирол таклиф қилган муросани “иҳвонлар” рад қилиб, янги сайловларни ҳам 2010 йилги сайловлар каби байкот қилишларини айтишди. Жума куни Аммондаги Ал-Ҳусайни масжиди олдида бўлиб ўтган катта нарозилик намойишидаги бир плакатда: “20 ойдан бери намойишлар ўтказиб келяпмиз, сиз эса ҳали ҳам бизнинг талабларни тушунмабсиз”, деб ёзилган. Йиғилганларнинг бошқа плакатларида эса: “Халқ кўтарилмаганича конститутцияни ўзгартиринг” – деган мазмундаги шиорлар ҳам бор.

Урдундаги воқеаларнинг ривожидан энг кўп ташвиш чекаётганлар АҚШ ва Исроилдир. Қирол Абдуллоҳ тузуми Вашингтоннинг Яқин Шарқдаги энг асосий иттифоқичисидир. Тель-Авив учун эса, минтақадаги энг муҳим шерик, яҳудийлар давлати билан тинчлик шартномасига эга икки араб давлатининг биридир (биттаси Миср). Агар Аммонда “Иҳвонул-муслимийн”ҳокимиятни қўлга оладиган бўлса, Исроил билан муносабатларни қайта кўриб чиқишга тўғри келади.

Урдун қиролининг мавқеи заифлашгани араб дунёсининг энг бой мамлакати Саудия Арабистонини ҳам чўчитмоқда. Араб таҳлилчиларининг фикрига кўра, ўта “ғарбпараст” тузумдан кейин исломийчиларнинг кейинги нишони АҚШ билан жуда яқин бўлиб кетганликда айбланадиган Ар-Риёд бўлиши мумкин. Сўнги икки йил ичида ағдарилиб ташланган араб тузумлари ичида биронта ҳам қироллик (монархия) йўқ эди. Саудия шаҳзодалари Урдунда хавфли прецедент пайдо бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишади. Араб қиролликларидан фақат Марокаш маҳаллий “Иҳвонул муслимийн”га алоқаси бўлган Адолат партияси билан келишиш оқибатида, улар эркин сайловларда ғолиб бўлиб ўзларининг бош вазирини тақдим қила олишди.

Мутахассисларнинг айтишига кўра, Урдун инқирози уч хил йўналиш билан ривожланиши мумкин. Биринчи, қирол “иҳвон”ларга ён босади, конститутцияни ўзгартиришга рози бўлади. Сайловлар янги қоидалар асосида ўтади. Исломийчилар парламент ва ҳукумат устидан назорат ўрнатади. 

Иккинчи, Абдуллоҳ II намойишлар тўлқинини секинлаштириш учун номигагина муроса қилиб, “иҳвон” вакиллари билан музакоралар ўтказиб туради. Музакоралар тўхтаб қолса, уларсиз, ҳукумат ўзи ўрнатган қоидалар билан сайловларни ўтказиб олади. 

Учинчи, норозилик намойишларини шафқатсиз тарзда бостириб ташланади, хусусан, ҳокимиятни куч билан қўлга олмоқчи бўлганлар қатоғон қилинади. Натижада Сурияга ўхшаб мамлакат бўлиниб, фуқаролар уруши бошланиб кетиш хавфи туғилади. Қирол тарафида жуда кўп урдунлик араблар (тахминан аҳолининг 35 фоизи), ҳамда миллий ва диний озчилик вакиллари турибди. Иҳвончиларни эса ўз ҳолатларидан норози бўлган фаластинликлар қўллаб-қувватлашади (қиролликда уларнинг сони 55 фоиздан 60% фоизгача).

Араб ОАВ асосида
Абу Муслим тайёрлаган

back to top