«Фейсбук» Америка ва Исроил кўрсатган аккаунтларни блокламоқда

«Фейсбук» Америка ва Исроил кўрсатган аккаунтларни блокламоқда

«Фейсбук»да Америка ва Исроил ҳукуматига ёқмайдиган шахсларга нисбатан цензура авж олди.

2016 йилнинг сентябрида Исроил адлия вазири Айлат Шакед «Фейсбук»дан «гижгижловчи мазмундаги постлари учун» фаластинликларнинг аккаунтларини ўчиришни талаб қилганда, интернет-майдонча раҳбарияти Исроил истилосига қарши чиқаётган фаолларнинг аккаунтларини Исроил берган рўйхатдан оғишмай ўчириб ташлади.
Жумладан, ўшанда Исроил адлия вазири маълум қилганидек, тўрт ой давомида энг йирик ижтимоий тармоқдан «гижгижловчи» характерга эга контентларни олиб ташлашга доир 158 та талаб юборилган, уларнинг 95 фоизи қондирилган.
Исроил ҳукуматининг босими жуда самарали бўлди, айниқса, Исроил ҳудудида катта жарима солиш ва блоклаш таҳдиди билан биргаликда. «Келишув»га эришилгандан икки ой ўтар-ўтмас «Нью-Йорк таймс» энг оммавий ижтимоий тармоқ ва «Фейсбук»ни мониторинг қилаётган Исроил кучишлатар тизимлари ўртасида тўлиқ ҳамфикрликка эришилганини ёзди. Яъни, Исроил махсус хизматлари «Фейсбук»ка «гижгижловчи» контент ҳақида маълумот беради, ижтимоий тармоқ эса, ўз навбатида, уни ўчиради.
«Фаластин ахборот маркази» фаоллари берган маълумотларга кўра, ўшанда унинг аъзоларидан 10 кишининг 2 миллиондан кўпроқ муштарийга эга аккаунтлари вақтинча ёки бутунлай блокланган.
Ўша йилнинг март ойида «Фейсбук» Фаластиннинг ФАТХ партияси саҳифасини маълум вақтга ёпиб қўйди, бунга сабаб саҳифада собиқ раҳнамо Ёсир Арофатнинг қурол билан тушган сурати эълон қилингани эди.
Шунга қарамай, фаластинликларни ўлдиришга даъват қилаётган кўплаб исроилликларнинг аккаунтларида ҳеч бир тўсиқсиз нафратга тўла постлар эълон қилиняпти, «Фейсбук» баъзи-баъзида жуда ҳаддидан ошганларини ўчиради, холос.
Исроил раҳбари Бенямин Нетаняху ҳам ижтимоий ОАВдан кўп фойдаланади ва унда фаластинликларга қарши зўравонликка даъват этувчи постларни қўяди, аммо «Фейсбук» бирон марта унга ўзининг цензура тиғини йўналтириш ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмас.
2014 йилдаёқ «ёмон нутқлар» (инг. bad speech) билан курашиш масъулиятини зиммасига олган Кремний водийси гигантининг ўзи устидан ҳукмронликка эга бўлганларга бўйсуниш ваъдасига доим содиқ бўлиши, унга ҳукми ўтмайдиганлар талабларини эса эътиборсиз қолдиришига шубҳа йўқ. Демак, АҚШ ва Исроилнинг расмий рақиблари «Фейсбук» цензурасидан қутулолмайди, америкалик ва исроиллик давлат арбоблари ва уларнинг иттифоқчилари эса, ҳатто энг маддоҳлари ҳам, мутлақо дахлсиз қолади.

back to top