Сисининг Носирга етишига йўл бўлсин!

Сисининг Носирга етишига йўл бўлсин!

Мисрдаги сайловлар унинг “ғолиби” Сиси учун ҳақиқий шармандалик бўлди – сайловчилар унда шунчаки қатнашмай қўяқолишди. Ваҳоланки, шов-шув, дабдабаю-асъасани роса кучайтиришган эди, ҳатто сайловга келмаганларни отиб ташлаш билан қўрқитиб ҳам кўришганди. Барибир халқ бу чақириқларга қулоқ солмади. 

Бу шармандаликнинг қисқача тарихи шундай: бундан икки йилча муқаддам ҳокимият тахтида узоқ чўкиб қолган генерал Муборак ағдариб ташлангач, 2012 йил июнида Мисрда илк эркин сайловлар бўлиб ўтди ва унда Исломнинг мўътадил ва анъанавий оқими бўлмиш “Мусулмон биродарлар”нинг вакили Муҳаммад Мурсий ғолиб чиқди. Сайловда қатнашган 25 миллион сайловчининг 52 фоизи Мурсийга овоз берди. Унинг рақиби, армия вакили эса 48 фоиз овоз олди. Ҳолбуки, Мисрда ҳамма нарса бўлмаса ҳам, жуда кўп нарса армияга тегишли эди. Аммо Мурсийнинг ҳукмронлиги узоққа бормади: дунёвий-либерал ҳангаматалаблар ва “Миср майдани” – Таҳрир майдони ёрдамида армия уни ағдариб ташлади.
Агар медиа қиролларининг, дунёвий ғарбпараст ва омади чопган қоҳираликлар ва “болтачи”ларнинг (ўтмишдан қолган “спецназ” деса бўлади) қўллаб-қувватлаши бўлмаганида тўнтариш амалга ошмас ҳам эди. Улар бир неча муваффақиятли намойишлар ўтказишга улгуришди, унда қатнашганлар сони ҳақида ақл бовар қилмайдиган рақамларни айтишдан ҳам уялишмади. Агар уларга ишонгудай бўлинса, миллиардлаб (!) мисрликлар қонуний сайланган президентга қарши эмиш. Ҳарбий тўнтариш “инқилоб” деб атала бошлади, Википедия уни ҳам, Киевдаги “майдан инқилоби”ни ҳам шундай таърифлади.  
 Ғолибликни қўлга киритган армия, “болтачилар” ва олигархлар уюшмаси ҳукмрон “Мусулмон биродарлар” партиясини тақиқлади, унинг кўпмиллионли аъзоларини “террорчилар” деб эълон қилди, минглаб одамларни ўлимга ҳукм қилди, бир неча минг тинч намойишчиларни отиб ташлади, қонуний президентни турмага тиқди. Улар Исроил билан яқинлашишди, Фаластиндаги Ғазони тўла қамал қилишди, “террорга қарши амалиётлар” доирасида Синай яриморолида террор уюштиришди.
 Ҳарбий диктатор генерал Абдул Фаттоҳ Сиси ўзини фельдмаршалликка кўтарди, кейин “қонуний ҳукмдор” бўлишга қарор қилди. Уни “умумхалқ томонидан сайланган президент” унвни ўзига жалб қилаётган эди. Агар “Мусулмон биродарлар” ва унга яқин партияларнинг “қонундан ташқари” деб эълон қилингани ҳисобга олинса, бу вазифа унча мураккаб кўринмас эди. Лекин, менимча, армиянинг хабардор дўстлари Мисрнинг текин малайлари, мискинлари ва халқининг бошқача фикри бўлиши ҳақида ўйлаб кўришмаган, шекилли? Лекин халқ бу найрангда қатнашмаслик билан овоз берди. Ҳақиқатан ҳам Нубия фаллоҳи (деҳқони)  у ёки бу номзодга овоз берсаю кейин уни қоҳираликлар оддий намойиш ёрдамида ағдариб ташлаб, турмага жўнатса, бунинг унга нима кераги ҳам бор?  Сайлов демократияси ғояси чақалоқлигидаёқ қурбон қилинди. 
Мисрлик телебошловчи Тавфиқ Окошанинг қутурганини бир кўрсангиз эди! Бу машҳур бошловчи Гусинскийнинг НТВсига ўхшаш хусусий телеканал орқали 2012 йили Мурсий ва “Биродарлар”га қарши шердек ташланди. Уларга қарши бугунгача кураш олиб боряпти. Яқиндаги сайловлар куни овозга беришга келишни сўраб сайловчиларга роса ялинди. “Ким келмаса, ўзини отиб ташласин!” Бошқа бир машҳур шарҳловчи Мустафо Бакри бундан ҳам оддийроқ пўписага ўтди: “Ким овоз бермаса, у сотқин ва хиёнатчидир!”
 Рейтер агентлигининг мухбири Асма ал-Шариф ёзадики, Миср матбуоти Сисини у президент Мурсийни қулатганидан буён халоскор сифатида кўкларга кўтармоқда. Лекин сайловга оммавий равишда келмаслик халқ уларнинг бу кўтаринкилигини тан олмаётганини кўрсатяпти. Бу худди тўқсонинчи йиллардаги Россия ҳолатини эслатади. Ўшанда халқ ва кўпгина нашрларнинг журналистлари бозор иқтисодига ўтиш, парламентнинг ўққа тутилиши ва нархларнинг ошишини турлича қабул қилишган эди. 
 Сиси чорасизликдан сайловларни яна бир кунга чўзди ва бу кунни ҳақ тўланадиган дам олиш кунига айлантирди. Телеканаллар овоз бермаганларнинг исми-шарифи прокуратурага берилиши ва уларнинг жуда катта жарима тўлашга мажбур бўлишлари ҳақида хабар тарқатишди. Лекин булар ҳам ёрдам бермади. Норасмий, лекин ҳақиқатга яқин ҳисоб-китобларга кўра, сайловчиларнинг келиши ҳаддан ташқари суст бўлди. Хорижий мухбирлар ҳам шу ҳақда хабар беришди: “биродарлар” “сайловлар”ни писанд қилмасликка чақиришган эди, афтидан халқ уларга қулоқ солганга ўхшайди.
 Шунчаки расмиятчилик учун сайловда яна бир номзод, сўл даҳрий ҳам қатнашди. У дарҳол ўз мағлубиятини тан олди ва “сайловчиларнинг иштироки жуда катта экани”га ҳаммани ишонтирмоқчи бўлди. Расмий маълумотларга кўра, у меҳнатлари эвазига уч фоиз овоз олди ва бунга осонгина ишонса бўлади.
 Сиси ўзини Мисрнинг илк президентларидан Жамол Абдул Носирга тенглаштиришни яхши кўради. Носир ҳам ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимият тепасига келган эди. Лекин шу билан уларнинг ўхшашлиги тугайди. Носир камбағал халққа ёрдам берган, Сувайш каналини национализация қилган, чет эл раъсимолини (капиталини) қувиб чиқарган, мамлакатга мустақилликни берган эди. Шунинг учун уни халқ яхши кўрган, унга тўп-тўп бўлиб овоз берган эди. Сисининг унга етишига йўл бўлсин! У ҳийла-найранг ва алдов билан ютиб чиқди. Бироқ алдов билан халқнинг қалбини забт қилиш мумкинмикин?!
 Юқорида айтилганлардан Россия Миср билан алоқани узиши ёки унга қурол сотмаслиги керак, деган фикрга бормаслик лозим. Ғарб мамлакатлари ҳам у билан муносабатларни давом эттиришяпти ва қурол ҳам сотишяпти. Фақат қуролни нақдига сотиш керак. Чунки кейинчалик, Сисининг муқаррар ағдарилишидан сўнг мисрликлар қарзларини барибир узишмайди.

Шомир ИСРОИЛ,
публицист
 ТАССнинг “Сиёсий таҳлил маркази” тайёрлаган материални
Аҳмад Муҳаммад таржима қилди

back to top