Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Ғазога нисбатан тажовузни қоралади

Ислом ҳамкорлиги ташкилоти Ғазога нисбатан тажовузни қоралади

Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 2014 йил 11 август куни баёнот бериб, унда Исроилнинг Фаластинга, жумладан, Ғазо Секторига нисбатан тажовузини қаттиқ қоралаган.

Баёнотда келтирилишича, қуролли тажовуз натижасида Ғазода ҳозирга қадар 1948 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 450 мингдан ортиқ киши яшаш жойларидан қочишга мажбур бўлган, кўплаб турар жойлари, шифохоналар, ҳаттоки БМТ қарамоғидаги мактаб ва бошпаналар ҳам вайрон бўлган. Қурбон бўлганларнинг асосий қисми тинч аҳоли вакиллари бўлиб, уларнинг 456 нафарини болалар ташкил этади.
Комиссия босқинчи давлат – Исроилни ҳарбий қурол-яроғдан бефарқ ва жинояткорона фойдаланганликда айблаб, унинг бундай ҳаракатлари инсон ҳуқуқларининг оммавий миқёсда ва қўпол равишда бузилишига олиб келганлигини таъкидлаган.
“Исроилнинг Ғазодаги тинч аҳолига қарши ҳаракатлари ҳарбий жиноят ва инсониятга қарши жиноят бўлиб, уларни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди” – дейилади баёнотда.
Шунингдек, ИҲТ Комиссияси Исроилни фаластинликларга нисбатан барча вахшийликларга зудлик билан чек қўйишга чақирган. Зеро, халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига биноан, Исроил оккупант-давлат сифатида, аксинча, Ғазодаги фуқароларни ҳимоя қилиши ва уларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришга бевосита жавобгар ҳисобланади. Бироқ, ҳозирда Ғазо Секторининг аҳолиси чуқур гуманитар инқироз шароитида қолмоқдалар: уларга тоза сув, озиқ-овқат етишмаяпти, санитария ва электр қувватидан ҳам маҳрум бўлганлар.
Комиссия Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлиги ташкилотига аъзо-давлатлар ва кенг халқаро ҳамжамиятни Ғазодаги Фаластин халқига зудлик билан инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга чақирган. Ғазо Секторига ташқаридан инсонпарварлик ёрдами ва бошқа товарлар кира олиши учун, унга нисбатан Исроил томонидан адолатсиз равишда жорий қилинган қамал бекор қилиниши керак. БМТ Хавфсизлик Кенгаши бу борада аниқ ва кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриши зарурлиги ҳам таъкидланган.
Шу ўринда эслатиб ўтамиз, БМТ Хавфсизлик Кенгашида унинг ҳар қандай қарорини тўсиб қолиш, яъни “вето ҳуқуқи”га эга бўлган доимий аъзоси, Исроилнинг илгариттан маълум бўлган шериги – АҚШ ҳам бор.
ИҲТ Комиссияси билдирган фикрга кўра, мустақил Фаластин давлати амалда яратилсагина, минтақада тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши мумкин. Қуддуси Шариф эса мустақил Фаластиннинг пойтахти этиб белгиланиши керак.

back to top