Пан Гимун Исроил билан хуфиёна ҳамкорлик қилган
Ўзини турли даражадаги махфий ва яширин маълумотларни кенг оммага ошкор қилувчи эканлигига даъво қилувчи “Wikileaks” ташкилоти тарқатган хабарга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Котиби Пан Гимун 2008 йил охири ва 2009 йилнинг бошида Исроилнинг Ғазо Секторига авиабомбалар билан амалга оширган ҳужуми оқибатларини ўрганиш учун тузилган БМТ Суриштирув кенгаши ҳисоботи бўйича халқаро ҳамжамиятни чалғитиш йўлида Исроил давлати билан хуфиёна ҳамкорлик қилган.
Хабарда айтилишича, Суриштирув кенгаши ўз ҳисоботида БМТнинг Ғазо Секторида жойлашган тўққизта биносига уюштирилган хужумнинг еттитаси бевосита Исроил ҳарбийлари томонидан амалга оширилганлигини қайд этиб, бу давлатни БМТ биноларининг дахлсизлигига тажовуз қилганликда айблаган.
“Wikileaks”нинг таъкидлашича, Пан Гимун ҳисоботни БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этишидан аввал, у билан АҚШ Оқ уйининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Сьюзан Райс тўрт маротаба боғланган ҳамда ҳисоботни юмшатишга ундаган.
Жумладан, Сьюзан Райс Пан Гимундан Хавфсизлик Кенгашига тақдим этиладиган ҳисоботдан Исроилга нисбатан таъсир чораларини назарда тутувчи тавсияларни чиқариб ташлашни сўраган. Бунга Пан Гимун: “...менинг бу борадаги ваколатларим чекланган, чунки Суриштирув кенгаши мустақил тузилма бўлиб, уларнинг ҳисобот ва тавсияларини ўзгартиришга ҳақли эмасман”, – деб жавоб берган.
Бироқ, бундан қониқмаган Сьюзан Райс БМТ Бош Котиби билан бу борада хуфиёна мулоқотни давом эттириб, энди ундан Хавфсизлик Кенгашига ҳисобот билан бирга юборадиган хатида “билдирилган тавсиялар ваколат доирасидан ташқарига чиқиб кетганлиги ва бошқа чора кўриш учун зарурат йўқлигига” урғу беришга чақирган. Бунга жавобан Пан Гимун: “...унинг қўл остидаги ходимлари Исроил делегацияси билан хатнинг матни устида ишлаётганлигини” маълум қилган. Кейинроқ Пан Гимун Сьюзан Райс билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбатида “қониқарли хат тайёр бўлганлигини” таъкидлаган.
Шундай қилиб, “Wikileaks” тарқатган хабарга кўра, “Пан Гимун БМТ Хавфсизлик Кенгашига йўллаган хатида унинг аъзоларидан Суриштирув кенгашининг тавсияларини эътиборга олмасликни сўраган”.



